Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги ҳузуридаги мультимедиа маркази: таҳлилий контент ва креатив ёндашув
2019-02-01 | Технологиялар
2019 йилнинг 1 февраль куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги энг янги IT-технологиялари ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази тақдимоти бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида мамлакат парламенти, суд-ҳуқуқ соҳасининг етакчи вакиллари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий ОАВ, шунингдек, кенг жамоатчилик иштирок этди. Президентимизнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан Адлия вазирлиги олдига қўйилган долзарб вазифалар ижроси доирасида марказ ўз фаолиятини мутлақо янги форматда давом эттиради. Муҳим мезонлар сифатида жамоа сифат, таҳлил, креатив ёндашув ва инновацион ечимни белгилаб олган.
Шу билан бирга, ушбу марказ мазкур Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш консепцияси ҳамда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш консепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашни ўз олдига асосий мақсад қилиб белгилаб олган.
Мультимедиа марказида ижод қилиш учун барча шароитлар яратилган. Махсус декорацияли ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бир нечта студия фаолият юритиб, уларга мамлакатимизнинг етакчи телеканаллари ҳам ҳавас қилса арзийди. Бу ерда ток-шоу ва турли форматдаги дастурларни суратга олиш мумкин. Оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш, жумладан юзма-юз интерактив учрашувлар, брифинг ва матбуот анжуманлари ўтказиш учун махсус медиа майдончалар яратилган. Марказни техник жиҳатдан жиҳозлаш — ЛEД-экранлар, камералар, ёритгичлар, кўп функцияли овоз ёзиш тизими ва бошқа аппаратура жамоага энг дадил медиа лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан ҳужжатли филмларни суратга олиш имконини беради.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ўз олдига қандай вазифаларни қўймоқда?
Биринчидан, ҳуқуқий маърифат. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси давлат ва жамиятнинг ривожланганлик даражасини белгилаб беради. Дунё амалиёти аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳуқуқий нормаларга риоя этмаганлик учун қатъий жазо қўллашдан кўра самаралироқ эканлигини кўрсатмоқда. Мультимедиа маркази қонун ҳужжатларининг мазмуни ва моҳиятини оддий ва халқчил тилда, мураккаб юридик атамалардан фойдаланмаган ҳолда тушунтиришга эътибор қаратиб, бу жараёнда визуал эффектлар ва инфографидан фойдаланмоқда.
Иккинчидан, ишончли маълумот тақдим этиш. Сўнгги йилларда интернет янгиликларни тарқатувчи энг оммабоп манба ҳисобланади. Бироқ ҳар доим ҳам Интернетдан олинган маълумотларга ишонса бўладими? Адлия вазирлиги ҳузуридаги мультимедиа маркази бундай вазиятларда ОАВ ва Интернет орқали тарқалаётган ёлғон, нотўғри маълумотларга тезкорлик ва холис муносабат билдиришга ўз эътиборини қаратади. Ахборот оқимини таҳлил қилиш маълумотларни текшириш, ишончли ва объектив ахборот, ушбу масалалар бўйича ваколатли мутахассис ва экспертлар шарҳларини тақдим этиш ҳамда аҳоли ўртасида уйдирма гаплар ва миш-мишларнинг олдини олиш имконини беради.
Учинчидан, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик учун адлия органлари ва муассасалари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш. Бу жараёнда нафақат адлия органлари фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини очиб берувчи, балки жамоатчиликка давлат хизматларидан фойдаланиш тартибига доир консултатив ёрдам кўрсатишга қаратилган ахборот-таҳлилий ва шарҳларга асосланган медиа материаллар тайёрланиб, эфир ва ижтимоий тармоқларга узатилади. Бунда асосий эътибор кўргазмалилик, оддийлик, қабул қилинаётган маъмурий регламентлар талабларининг халқчиллиги ва содда тилда тушунтирилишига қаратилмоқда.
Аҳолини давлат органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар фаолиятини ўрганиш натижалари, аниқланган қонунбузилиш холатлари ва тизимли камчиликлар ҳақида тайёрланадиган аудио- ва видеороликлар, теле- ва радиоэшиттиришлар хабардор этишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Айбдор шахсларга нисбатан қўлланган чоралар ва аризачиларнинг тикланган ҳуқуқлари ҳақидаги медиаматериаллар катта профилактик таъсирга эга бўлиб, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.
Тўртинчидан, аҳолининг барча қатламлари билан мулоқот ўрнатиш. Бунинг учун мультимедиа маркази мутахассислари вазирликнинг масъул ходимлари билан биргаликда республикамиз аҳолисининг эҳтиёжи, жумладан вазирликнинг 1008 рақамли «ишонч телефони»га келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили натижалари, ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар имкониятларидан фойдаланган ҳолда энг долзарб муаммолар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганмоқда. Масалан, коррупцияга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгги ва билимини ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг долзарблигидан хабардор этишга қаратилган 30 дан ортиқ ижтимоий ролик, Жиззах, Фарғона, Наманган, Сирдарё каби вилоятлардан Адлия вазирлигига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида келиб тушган мурожаатлари асосида 40 дан ошиқ махсус репортаж ва кўрсатувлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган янгиликларни аҳоли ва ижрочиларга етказишга қаратилган «Муҳокама марказида» ток-шоусининг туркум сонлари тайёрланди. Асосийси – муаммоли масалалар адлия органлари аралашувидан сўнг барҳам топди.
Шу тариқа, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази — бу нафақат адлия органлари ва муассасалари манфаатларини ҳимоя қилувчи ПР-марказ, балки аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий маданиятини ва саводхонлигини ошириш, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш воситаси, аҳолини қийнаб келаётган масалалар бўйича ишончли ва объектив ахборот манбаси, энг асосийси фуқаролар билан самарали ҳар томонлама алоқа ўрнатиш механизми ҳамдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги