Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Миллий статистика тизими: назария ва амалиёт” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида соҳа фаолияти янги босқичга кўтарилди.
Халқаро статистик, иқтисодий ва молиявий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда. Жумладан, айни пайтда қўмита Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин алоқа ўрнатиб, статистика соҳасида самарали ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
– Қарор ижроси доирасида статистика органлари кадрлар салоҳиятини ошириш, ахборот тизимини янада такомиллаштириш ва интерактив хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Шунингдек, соҳада йиғиладиган кўрсаткичлар таркиби ва қўлланиладиган методик ҳисоблашларни янада такомиллаштириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар ривожланиши статистикасида таҳлилий ишларни такомиллаштириш, статистик маълумотларни тақдим этишнинг замонавий воситаларидан фойдаланиш жорий этилди.
Давлат статистика қўмитаси масъул ходимлари иштирокчиларга тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди, саволларига жавоб қайтарди.
Гулноза Бобоева, ЎзА
Манба: ЎзА