Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Tashkent City” лойиҳасига қанча компания инвестиция киритди?

2019-02-01 | Жамият

“Tashkent City”нинг қурилиш майдонига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. 

Тадбирда “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказида бўлаётган қурилиш ишлари, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар, айни вақтгача эришилган натижалар ва келгусидаги режалар хусусида сўзлаб берилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг янги қиёфасини яратишга қаратилган “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилишига асос солинган эди. 

Айни вақтда бу ерда меҳнат қилаётган ишчиларнинг кўпчилиги Россияда ишлаб қайтган малакали қурувчилардир. Шунингдек, олий маълумотли мутахассислар, муҳандислар, соҳа вакиллари айни жараёнда иштирок этаяпти. Уларнинг кўпчилиги бугунги давр талабларига жавоб берадиган бинолар қуришда аввал ҳам қатнашган. 

Ишчилар учун хавфсиз шароит яратилган. Биринчи ўринда инсон саломатлиги ҳисобга олинган. Ишчилар икки сменада ишлайди. Дам олиш, овқатланиш учун қулай шароитлар мавжуд. 

“Tashkent City”да янги коммуникация тизимлари яратилади. Кўп қаватли биноларни қуришда турли табиий офатлар, зилзила каби табиат ҳодисаларига нисбатан чидамли бўлган қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда. 

Пресс-турдан сўнг матбуот анжумани ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, ушбу мажмуа қурилишида иштирок этаётган идора ва ташкилотлар вакиллари, инвесторлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги “Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Tashkent City“ халқаро ишбилармонлик ҳудудида давлат унитар корхонаси шаклида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича дирекция тузилган. Шунингдек, Халқаро ишбилармонлик марказининг маъмурий кенгаши ташкил этилган. 

“Тошкент сити“ лойиҳаси режаси “ARUP“ (Буюк Британия), “Tabanlioglu“ (Туркия), “DPArchitects“ (Сингапур) ва бошқа етакчи халқаро компанияларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилган. 

Хорижий сармоядорларга хайрихоҳлик билдирилган ҳолда, 730дан зиёд инвестор лойиҳада қатнашиш учун ташаббус билан чиқди. Натижада 12 компания ушбу лойиҳани амалга оширишга инвестиция киритадиган бўлди. Лойиҳа учун давлат маблағлари жалб қилинмади. Лойиҳа 3 йилда жаҳон стандартларига мос равишда амалга оширилиши режалаштирилган. 

Мазкур ҳудудда қурилаётган илк объектлардан бири беш юлдузли меҳмонхона ва “Конгресс холл”дир. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, меҳмонхона кўп йиллик ва узоқ вақт давомида хизмат кўрсатади ва ўзини оқлайди. “Конгресс холл”дан эса давлат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланилади. 

Бу ҳудудда олдин яшаган аҳолининг фикрича, канализация тармоғи, ичимлик суви, электр узатишда муаммолар бўлган. Эгри кўчалар, эскирган қувурлар аҳолига ноқулайлик туғдирар эди. Бу маҳаллаларда яшаб келган фуқароларга бир жойдан кўп қаватли, барча шарт-шароитларга эга уй қуриб берилган. 

Ҳудуддаги 80 гектар майдонда бизнес марказ, саноат парки, савдо мажмуалари, конференция заллари, ресторан ва маданий марказлар ҳамда кўп қаватли уйлар қурилиши бошлаб юборилган. 

Инвесторларга бириктириб берилган халқаро ишбилармонлик марказида саккизта лотга бўлинган ҳолда қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

“Бизнес сити” (“Тошкент сити” намунасида) ишбилармонлик марказларини пойтахтимизнинг ҳар бир туманида барпо этиш юзасидан ҳам ишлар бошлаб юборилган. Ҳозир учта ана шундай марказ – “Олмазор бизнес сити”, “Юнусобод бизнес сити” ва “Мирзо Улуғбек бизнес сити” ташкил этилаётир. Ҳар бир фуқаро, маҳаллий ва хорижий компаниялар ушбу лойиҳаларда инвестор бўлиш имконига эга. 

Шаҳар ичидаги шаҳар дея эътироф этилаётган “Tashkent City”нинг қурилиш ишлари авжида. Хорижий инвесторлар билан юртимиздаги ишбилармонлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Яқин келажакда қурилиши якунланадиган бу жой маҳобатли, кўркам шаҳарчага айланишига шак-шубҳа йўқ. 

 

Барно Мелиқулова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться