Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда ШҲТ халқ дипломатияси маркази иш бошлади
2019-01-30 | ШҲТ
Мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч, яхши қўшничилик алоқаларининг бардавом бўлиши дунёда сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, қолаверса, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик учун йўл очади. Бу каби мақсадларга эришишда бугун халқ дипломатияси воситалари етакчи ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган ШҲТ саммитида ташкилот марказлари – халқ дипломатиясининг доимий фаолият юритувчи институтларини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурганди. Ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди.
Мазкур марказ иш бошлаши муносабати билан унинг фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифаларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Раҳматулла Назаров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов марказнинг фаолият йўналишлари ҳақида сўзлади.
ШҲТ Бош котиби Владимир Норовнинг тадбир қатнашчиларига мурожаати тингланди.
Ушбу марказнинг Ўзбекистонда иш бошлаши мамлакатимизнинг ШҲТга аъзо давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашда халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Таъкидланганидек, дунёда глобаллашув ва интеграция жараёнларини кучайиб бораётган бир шароитда халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг асосий ва ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолияти, халқаро ноҳукумат ташкилотларининг ҳамкорликни кучайтириш бўйича ташаббуслари мамлакатлар ўртасида барча даражадаги муносабатларни ривожлантиришга имкон яратади. Шу маънода, халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш орқали ШҲТ доирасида ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
– ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда жадал ривожланмоқда, – дейди Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. – Тузилма мамлакатлари ҳамкорлигининг истиқболли ғояларини рўёбга чиқаришга қодир кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқмоқда. Глобаллашув асрида жамиятлараро мулоқотни фаоллаштиришга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарурат туғилмоқда. Халқ дипломатияси эса турли маданиятлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқлар томонидан яратилган асрий тамаддун самараларини кенг тарғиб қилишда сиёсий дипломатиядан кўра таъсирли кучга эга. Ўзбекистонда фаолият бошлаган Халқ дипломатияси маркази эса ШҲТ доирасидаги илк ана шундай тузилма сифатида эътиборга молик. Марказ фаолиятини ташкил этиш бу каби эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда асосий омил бўлади.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги қатор давлат ва жамоат ташкилотлари марказ фаолиятини самарали ташкил этиш ишларига кўмаклашмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академия, Ёшлар иттифоқи, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмасининг марказ таъсисчилари экани фикримизга мисол бўла олади.
Марказ ўз фаолиятини ташкил этишда ШҲТга аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш учун зарур шароитлар яратишга эътибор қаратади. Халқларнинг бой тарихи, маданий мероси, анъаналарини асраб-авайлашда ахборот ресурсларини шакллантириш юзасидан оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилади. Турли йўналишларда ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаб, уларни мунтазам чоп этади.
Тадбирда ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг вазифалари, фаолият йўналишлари, жорий йилги режаларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Анжуман доирасида Ўзбекистонда таъсис этилган ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан “Тараққиёт стратегияси“ маркази ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА
Манба: ЎзА