Миллий матбуот марказида “Ипотека-банк“ акциядорлик-тижорат ипотека банки истеъмолчиларга кўрсатаётган хизматлар самарадорлигини янада ошириш борасида белгиланган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Мурожаатлар билан ишлаш, шахсий ва сайёр қабуллар ўтказиш, бу орқали фуқароларнинг масалаларини жойида ҳал этиш, сарсонгарчилик ва муаммолар юзага келишининг олдини олиш, бундай ҳолатларга нисбатан тезкорлик билан муносабат билдириш, мижозларнинг банк хизматларидан эркин фойдаланишлари учун имконият яратиш бўйича банк томонидан тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, банк раҳбарияти томонидан ҳар бир мурожаатни Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ, ҳар томонлама ва холисона, қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилган.
Ўтган йил давомида банк тизимига келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари олиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, пластик карта ва терминаллар ҳамда банк омонати билан боғлиқ бўлган масалалар ташкил этган. 2018 йил давомида банк тизимига келиб тушган 1 минг 829 мурожаатдан 171 таси қаноатлантирилиб, уларда кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилди.
Банк бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтган йил давомида жами 313 та жисмоний ва юридик шахснинг оғзаки мурожаатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган сайёр қабул жадвалига мувофиқ, бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан республикамизнинг 44 та туман(шаҳар)ларида ўтказилган сайёр қабуллар давомида 295 та жисмоний ва юридик шахс қабул қилинди.
Анжуман давомида журналистларни қизиқтирган саволларга банк мутахассислари жавоб берди.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА