Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Британиялик экспертлар Ўзбекистон тажрибасини ўрганмоқда
2019-01-29 | Жамият
Тошкентда Британия Кенгашининг аёлларда етакчилик қобилиятини ошириш, бунинг учун мавжуд имкониятларни кўриб чиқиш ва халқаро тажрибани ўрганишни кўзда тутувчи дастури доирасида уч кунлик семинар-тренинг бошланди.
Семинар-тренингнинг илк тадбири “Бугун етакчилик: раҳбар аёллар учун янги имкониятлар” мавзусида ташкил этилди. Унда мамлакатимиз олий таълим тизимида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Буюк Британиянинг “Advance HE” нотижорат ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Дэвид Спайерс мамлакатимизда аёллар фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар Британия Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланишини таъкидлади. “Advance HE” ижрочи директори Алисон Жонс ва бошқа экспертлар Ўзбекистон олий таълим соҳасида иш юритаётган раҳбар аёлларнинг тажрибаси, ташаббус ва интилишлари билан қизиқди.
“Advance HE” Буюк Британиянинг деярли барча олий таълим муассасалари ва Австралиянинг 50 фоиз университетларини қамраб олган бўлиб, ташкилот олий таълим соҳасида таълим жараёнини такомиллаштириш ва бошқариш, шунингдек, тенг ҳуқуқлилик ва хилма-хилликни таъминлаш ишларини олиб бормоқда.
Семинар-тренинг доирасида таълим соҳасида аёллар етакчилиги масалаларига бағишланган ялпи муҳокама ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этди.
Манба: ЎзА