Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлигининг 5 йиллик стратегияси ишлаб чиқилмоқда
2019-01-21 | Жамият
2019 йилнинг 19 январь куни Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлиси ўтказилди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигида бўлиб ўтган мажлисда адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва жорий йил давомида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда адлия органлари ва муассасаларининг барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Мажлисда асосий эътибор давлатимиз раҳбари томонидан адлия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қатор фармон ва қарорларининг ҳисобот давридаги ижроси, вазирлик зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалда таъминланаётганлик даражасини ўрганишга қаратилди.
Мажлис аввалида Адлия вазирлиги тизимидаги янги лавозимга тайинланганлар ҳақида маълумот берилди.
2018 йил адлия органлари учун ўзига хос тарихий давр бўлди. Адлия органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга доир 28 та муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Адлия вазирлиги томонидан 280 дан ортиқ қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилди, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 баробарга, 2016 йилга нисбатан эса 4 баробарга ошганлигини кўрсатади.
Қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш
14 фоизга ошиб 1 889 тани ташкил этди.
584 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 21фоизга ошган.
Адлия органлари ва муассасаларининг 190 нафар ходими стажировка ўташ ва тажриба алмашиш учун хорижий давлатларга юборилди.
Вазирлик тизимининг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаш, уларда кўтарилган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш ҳисобланади.
Келиб тушган жами 50 мингдан ортиқ мурожаатларнинг қарийб 37 мингтаси қонуний ҳал этилди. Адлия вазирлигида ташкил этилган “Call center” хизмати орқали кунига 500 дан ортиқ мурожаатларга жавоб берилмоқда.
Адлия органлари ва муассасалари томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида 86 мингдан ортиқ уйма-уй юриб, аҳоли билан бевосита суҳбатлар қилиниб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабуллар давомида 16 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, 15 минг 500 таси қонуний ҳал этилди.
Тарғибот тадбирлари, янгича форматда манзилли ва ақлли тарғибот шаклида амалга оширилмоқда. Ўтган давр давомида 219 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди, бу эса 2017 йилга нисбатан 4 баробарга кўпдир. 100 дан ортиқ халқ сайиллари, акциялар ва флешмоблар ўтказилди.
Туман адлия бўлимлари томонидан қишлоқ жойларда, марказдан олис ҳудудларда 118 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
2018 йилда 11 мингга яқин ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган, 1 млн 100 минг та қонунбузилишлар аниқланган. Натижада 10 мингдан ортиқ тақдимнома, судларга 54 млрд сўмлик 13 минг 600 та даъво аризалари, 35 600 та огоҳнома, 2 400 та маъмурий ва 127 та жиноий таклиф киритилган. Таъсир чорлар натижасида 49 млрд сўмлик 14 минг 700 та даъво аризалари қаноатлантирилган, 6 минг нафар мансабдор шахс интизомий, 3 минг 500 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 511 нафар шахс билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ва ҳуқуқий хизматни сифатини яхшилаш мақсадида қўшимча равишда 703 нафар нотариал идоралар ходимлари штати жорий этилди. Бу дегани, ҳар бир нотариусга тўғри келадиган 42700 та аҳоли сони 36 400 тага, яъни 14 фоизга камайди. Натижада нотариуслар томонидан ҳаракатларни жойларга чиқиб, сайёр тартибда амалга ошириш 1,8 баробарга ўсди. Яна бир яхши натижа сифатида 53 та ҳолатдаги ҳужжат нусхаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилиниши оқибатида нотариал ҳаракатлар сони 30 фоизга камайди.
Йиғилишда амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим адлия органлари ва муассасалари томонидан фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқидий таҳлил қилинди.
Маълум бўлишича, адлия органи ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан бўлаётган шикоятлар камайишига қарамай, айрим ҳудудларда келиб тушаётган шикоятларнинг сони юқорилигича қолмоқда.
2018 йилда 1 308 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган ва Бухоро вилоятларига, 82 таси Давлат хизматлари агентлигига тўғри келмоқда.
Адлия вазирлигига 2018 йил давомида нотариусларнинг ҳаракатларидан норози бўлиб келиб тушган шикоятлар камайган бўлсада, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилоятларида кўпайган. Ўтказиб келинаётган “сирли мижоз” тадбирларида нотариал идоралар ходимлари томонидан аксарият ҳолатда меҳнат интизомини бузиш ҳолатлари қайд этилди. Тадбирлар натижасида 7 нафар нотариус, 6 нафар нотариус ёрдамчиси, 7 нафар нотариус котиби эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Шунингдек, 234 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан” ва “жарима” интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Бундан ташқари, таъкидланишича, туман (шаҳар) адлия бўлимларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасини ҳам қониқарли деб бўлмайди.
Жумладан, Беруний ва Кегейли тумани адлия бўлимлари томонидан шу кунга қадар бирорта ҳам сайёр қабуллар ташкил қилинмаган бўлса, Шуманай, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Нурафшон шаҳар, Тойлоқ, Сайхунобод, Фарғона, Боғдод ва Риштон туман адлия бўлимларига сайёр қабуллар давомида қабул қилинган мурожаатлардан ташқари жисмоний ва юридик шахслардан тўғридан-тўғри бирорта ҳам мурожаат келиб тушмаган.
Тадбирда 2019 йилда амалга оширилиши белгиланган режалар хусусида ҳам маълумот берилди. Жумладан:
Адлия вазирлигининг 5 йиллик стратегияси ишлаб чиқилади;
адлия органлари ва муассасаларининг коррупцияга қарши курашишнинг идоравий дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган;
адлия органлари фаолиятининг “Биз халқ учун очиқмиз” шиори остида “Open justice” (“Очиқ адлия”) дастури доирасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилади;
“Advice.uz” портали ишга туширилади ҳамда “Street law” (Кўча ҳуқуқи – оддий ҳуқуқ) лойиҳаси йўлга қўйилади;
“Tashkent Law Spring” халқаро юридик форуми ўтказилади.
Мажлис сўнгида адлия органлари ва муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимларининг белгиланган вазифа ва тадбирлар ижросини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ таъминлаш бўйича масъулиятини янада ошириш, халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиш, ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликка амал қилиш лозимлиги белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги