Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон АҚШ билан экология йўналишида мутахассислар тайёрлашда ҳамкорлик қилади
2019-01-17 | Экология
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШнинг Миссисипи штати университети Халқаро институтининг ижрочи директори Жули Жордон бошчилигидаги делегация қабул қилинди.
Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов бошчилигидаги вазирлик вакиллари Миссисипи штати университети Халқаро институти директори Жули Жордон, Миссисипи штати университетининг сув ресурслари бўйича тадқиқот институти директори Жейсон Крус, халқаро институтнинг лойиҳа менежери Брайн Фаррел, Ўзбекистон Республикасида халқаро таълим бўйича Америка Кенгашининг директори Вагнер Кейл Фредериклардан иборат делегация билан кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот ишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, экологик инқироз оқибатларни юмшатиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда ҳудуднинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятини, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш
мақсадида киритилаётган янги инвестицион лойиҳалар эътироф этилди.
Шу билан бирга Орол денгизи ҳудудида вазиятни барқарорлаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширишда малакали кадрларга эҳтиёж сезилиши таъкидланди ва АҚШнинг Миссисипи штати университетининг Халқаро институти билан бу борадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, экология соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, ўрмончилик, балиқчилик, сув муаммоларини ўрганиш каби тор доирадаги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, АҚШнинг Миссисипи штати университети Халқаро институти билан биргаликда экология ва атроф-муҳитни ҳимоялаш, сув муаммоларини ўрганишнинг долзарб мавзуларида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишни ташкил қилиш, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни ўрганиш бўйича ҳамкорликда илмий изланишларни олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Тошкент давлат аграр университети билан АҚШнинг Миссисипи штати университети Халқаро институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида аниқ амалий ҳаракатлар қилишга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги