Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия Федерацияси Омбудсмани билан учрашув
2019-01-17 | Сиёсат
2019 йил 16 январь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигини чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устуворликларидан бири ҳисобланади. Россия Ўзбекистоннинг муҳим, ишончли, узоқ муддатли ва стратегик шерикларидан бири ҳисобланади.
Бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Икки мамлакат омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, халқаро форумлар доирасида алоқалар яхши йўлга қўйилган, Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқишда ўзаро ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Томонларнинг фикрича, Россия Федерацияси Омбудсманининг бу галги ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда янги омил бўлади. Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия давра суҳбатида экспертлар ва мутахассислар миллий омбудсманлар ҳамкорлигига доир кенг кўламли гуманитар масалаларни муҳокама қилдилар.
Россия Омбудсмани ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида имзоланган меморандум шубҳасиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашувда томонлар қайд этганидек, қатъий сиёсий ва иқтисодий модернизациялашга қаратилган Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати доирасида давлат бошқаруви органларининг очиқлиги ва ошкоралигини, аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилди. Фуқаролар, сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотларининг сиёсий фаоллиги тобора ошиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари фаол ва мустақил фаолият юритмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ваколатларини кенгайтириш, БМТ конвенция органлари тавсияларини ҳисобга олиш ва “миллий превентив механизм” институтини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати