Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси жамоатчиликка ҳисобот берди
2019-01-17 | Жамият
2019 йилнинг 16 январь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2018 йилдаги фаолияти сарҳисоби ва жорий йилдаги фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда таъкидланганидек, ўтган йил давомида Қўмита томонидан олиб борилган ишлар мамлакатни демократик модернизациялаш ва ислоҳ қилишнинг янги шарт-шароитларида парламент ишини фаоллаштириш борасида ўзига хос тажриба орттириш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш учун янги имкониятлар очиб берди.
Жумладан, 2018 йилда Қўмита томонидан Олий Мажлис Сенатининг 14-17 ялпи мажлисларида кўриб чиқиш учун 20 та қонун киритилди. “Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги Шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”; “Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2017 йил 5 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”; “Умумжаҳон почта иттифоқининг Уставига Тўққизинчи қўшимча баённомани (Истанбул, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидан.
Шунингдек, Қўмита томонидан ҳисобот даврида 5 марта вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг фаолияти юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг фаолиятига оид ва бошқа парламент эшитувларида Қўмита ваколатига тегишли йўналишларда давлат идоралари томонидан олиб борилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, Қўмита хулосаси ва тавсиялари билдирилди.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан Тошкент шаҳрида “Иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва мамлакат минтақаларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш: мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари” мавзусидаги халқаро конференция, “Янги инновацион иқтисодиётни ривожлантириш истиқболлари: Ўзбекистон ва ривожланган мамлакатлар тажрибаси” деб номланган илмий-амалий конференция ва бошқа қатор тадбирлар ташкил этилди. Эксперт ҳамжамияти вакиллари ва халқаро миқёсдаги мутахассислар иштирокида ўтказилган ушбу тадбирлар якунларига кўра, тегишли “йўл хариталари” ва давлат дастурларига бир қатор таклифлар тайёрланди.
Тошкент шаҳрига инвестицияларни жалб қилиш – Қўмита назоратидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Хусусан, бу йўналишда Олий Мажлис Сенати ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “йўл хариталари”га мувофиқ Сенат, тегишли вазирлик ва идоралар, компания ва агентликлар билан биргаликда Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳаларини туманлар иқтисодиётига киритиш масаласида назорат ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган йили Олмазор туманига 4 та сектор раҳбарлари олдига ҳар йили ўз сектори ҳудудида 20 млн. доллардан жами 80 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
Йил давомида Қўмита томонидан унинг фаолиятига доир масалалар юзасидан илгари сурилган амалий таклифлар ва ташаббусларнинг йигирмадан ортиғи ҳаётга татбиқ этилди.
2018 йилда Қўмита томонидан бу ва бошқа йўналишда олиб борилган ишлар жорий, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ҳам изчил давом эттирилиши ҳамда сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқилиши матбуот анжуманида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 2019 йил Давлат дастурида белгилаб берилган фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва инвесторлар ишончини оқлаш, жаҳон бозорларига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, маданият, спорт ва туризмни янада ривожлантириш каби қатор йўналишларда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда парламент назоратининг самарали механизмларини қўллаш Қўмита фаолиятининг асосини ташкил этади.
Жорий йилдаги режалар орасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари, Инвестициялар бўйича ва Туризмни ривожлантириш масалалари давлат қўмиталарининг фаолияти юзасидан ахборотларини эшитиш, Ўзбекистон парламент делегацияларининг Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия ҳамда Туркияга расмий ташрифларини амалга ошириш каби тадбирлар белгиланганлиги алоҳида тилга олинди. Шунингдек, хорижий парламент раҳбарларининг, жумладан Россия, Беларусь, ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси, Испания парламентлари раҳбарларининг мамлакатимизга расмий ташрифларини ташкиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатларга, жумладан Латвия каби мамлакатларга тайинланаётган элчилари томонидан тайёрланган хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш стратегиялари (“йўл хариталари”) тақдимотларини эшитиш, Қўмита ваколатларига алоқадор соҳаларда қонун ҳужжатларининг ижро этилишини ўрганиш каби ишлар ҳам жорий йилда янгича ёндашув асосида амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари аъзолари журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати