Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Журналистлар давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш бўйича халқаро тажриба билан танишди
2019-01-17 | Жамият
“Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган семинарда журналистлар давлат-хусусий шериклик тизимининг моҳияти билан танишди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан Халқаро молия корпорациси (IFC) ва Швейцария ҳукумати билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда ахборот агентликлари, даврий босма нашрлар, маҳаллий телеканаллар, радиостанция ва веб-сайтларнинг 30 га яқин вакили иштирок этди.
Халқаро молия корпорациясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича катта мутахассиси Жеофри Кил журналистларга ривожланган мамлакатларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди.
У ўз чиқишида давлат-хусусий шериклик давлат ва бизнеснинг узоқ муддатли ўзаро ҳамкорлигига асосланган жамият инфратузилмасини ривожлантириш усулларидан бири бўлиб, бунда хусусий томон нафақат инфратузилма объектини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ёки реконструкция қилиш, балки ундан келгусида фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишда ҳам иштирок этишини таъкидлади.
Иқтисодий нуқтаи назардан давлат-хусусий шерикликнинг асосий мақсади тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан очиқ-ҳуқуқий маҳсулотлар билан таъминланиши шарт бўлган хизматлар, иш ва истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда хусусий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш ҳисобланади. У иқтисодий айланмада давлат иштироки улушини қисқартириб, бизнесни самарали юритиш имконини беради. Бу борада давлат-хусусий шериклик хусусийлаштириш ҳисобланмайди, аксинча, барча активлар давлат мулки бўлиб қолаверади.
Семинар доирасида иштирокчилар давлат-хусусий шерикликнинг ривожланиш тарихи, асосий кўриниш ва тушунчалари билан танишди, шунингдек, унинг хусусийлаштиришдан нимаси билан ажралиб туриши ҳақида маълумот олди. Муҳокаманинг алоҳида мавзуси инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва таълим тизими учун давлат-хусусий шериклик механизмидан фойдаланишда давлат имкониятларига бағишланди.
Семинар мавзуси ҳозирги кунда давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга йўналтирилган ислоҳотлар амалга оширилаётган Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарблиги таъкидланди. Инфратузилма ва таваккалчиликлар тақсимотида инвестициялар учун капитални жалб этиш каби бундай муҳим йўналишлардан ташқари, давлат-хусусий шериклик, шунингдек, инновацияларни жорий этиш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга ҳам ёрдам беради.
Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Зафар Ҳошимов таъкидлашича, семинар мамлакатимизда татбиқ этилаётган иқтисодиётда хусусий сектор ролини оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. Бундан ташқари, корпорация давлат-хусусий шерикликнинг синов лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади, уларнинг мувозанати ва барқарорлигини таъминлашда халқаро тажрибадан фойдаланади.
Манба: ЎзА