Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адлия ахбороти: “Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” лойиҳаси амалга оширилади

2019-01-14 | Жамият

Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ва унинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини тушунтириш, бу орқали эса фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишни кўзлаб, шунингдек қонун ҳужжатларини омма эътиборига содда ва халқчил тақдим этиш мақсадида 2019 йил 11 январь куни навбатдаги “Адлия ахбороти” брифинги ва матбуот анжумани ташкил этилди.

Брифингда 10 дан ошиқ қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, қатнашчиларга Президент томонидан имзоланган “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун моҳияти айтиб ўтилди. Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзларнинг бир қанчаси бекор қилингани, маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод этиладиган тоифалар тасдиқлангани ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун билан эндиликда ишга қабул қилишда прописка талаб қилинмайди. Президент томонидан имзоланган мазкур қонунга кўра, бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилгани таъкидланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчини маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлувчи 223-2-модда чиқариб ташланди.

Қабул қилинган қонун ҳужжатлардан яна бири мамлакатнинг туризм салоҳиятини такомиллаштиришга қаратилган (Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидагиПрезидент Фармони) бўлиб, мазкур фармонга мувофиқ 2019 йилнинг 1 февралидан 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилиниши юзасидан ахборот тақдим этилди.

Брифинг давомида ҳафта давомида қабул қилинган “Ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  Ҳукумат қарори каби қатор  қонун ҳужжатлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

Брифингдан сўнг ташкил этилгани матбуот анжуманида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармонининг мазмун-моҳияти ва унинг доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс – оила ‒ маҳалла ‒ таълим муассасаси ‒ ташкилот ‒ жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилаётгани қайд этилди.

Шу каби мақсадларни кўзлаб, Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 1 январгача қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали, 2019 йил 1 июлгача эса аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилиши тўғрисида тадбир қатнашчиларига маълумот берилди.

Шунингдек, фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди ва унинг доирасида болалар учун махсус ҳуқуқий портал яратилиши белгилангани таъкидланди.

Портал қуйидагиларни ўз ичига олади:

    Конституцияни ўргатишга доир илк тушунчалар;

    кундалик ҳаётда қўллашга мўлжалланган бошланғич ҳуқуқий билимлар;

    ҳуқуқий ўйинлар, машғулотлар ва дастурлар бўйича услубий қўлланмалар.

Оилада ҳуқуқий саводхонликни оширадиган, ҳар бир элементар ҳуқуқий билимларни ўргатишга қаратилган ва кундалик ҳаётдаги муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма бепул тарқатилади. Бундан ташқари, маҳаллаларда “Ҳуқуқий ахборот куни” ташкил этилади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” ва “Инсон ҳуқуқларини ўрганиш” махсус ўқув курсларини барча таълим турлари бўйича ўргатиш жорий этилади.

Ёшларга орасида “Street law” (Кўча ҳуқуқи) лойиҳасини жорий қилиш учун ҳуқуқшунос талабалар, юридик коллежлар ўқувчилари, нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилади.

Ёшдан келиб чиқиб ҳуқуқий саводхонликнинг минимал талаблари тасдиқланади.

Аҳолини қизиқтирган ҳуқуқий мавзулар юзасидан “Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот” лойиҳаси амалга оширилади.

Матбуот анжуманида, шунингдек, ҳафта мобайнида қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан яна бири – Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори ҳақида ҳам тўхталинди. Анжуманга таклиф этилган соҳа мутахассислари ушбу қарор билан Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот институти негизида Судьялар олий мактаби ташкил этилганлиги, 2020 йил 1 сентябрдан судьялик лавозимларига фақат Судьялар олий мактабида ташкил этилган курсларни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланишини айтишди.

Матбуот анжумани журналистлар, турли соҳа вакиллари  ва тадбир иштирокчиларининг савол-жавоблари билан давом эттирилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться