Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2019-01-14 | Сиёсат
2019 йилнинг 12 январь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Сварадж билан учрашди.
Учрашув давомида икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги асосий масалалар кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи ва Ҳиндистон раҳбарияти билан ўтказган музокаралари натижалари Ўзбекистон-Ҳиндистон мулоқотининг барча жабҳаларига янги жўшқинлик бериш учун икки мамлакат раҳбарларида сиёсий ирода мавжудлигини тасдиқлади.
Вазирлар томонидан Ўзбекистон делегациясининг “Вибрант Гужарат – 2019” Халқаро инвестиция саммитида иштирок этиши ва режалаштирилаётган олий даражадаги музокараларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
2019 йилги икки томонлама тадбирлар юзасидан фикр алмашиш доирасида парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, ташкил этилган Ўзбекистон-Ҳиндистон Ишбилармонлар кенгаши ва Тошкент шаҳридаги Тадбиркорликни ривожлантириш маркази майдонида ишбилармон доиралари ва молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиш билдирилди.
Вазирлар транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан трансафғон транзит коридорларини очишдан манфаатдорлик изҳор этдилар.
Юқорида қайд этилган ва бошқа минтақавий масалалар Самарқанд шаҳрида очилаётган Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг биринчи вазирлар учрашувида муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари билан Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакли кооперацияни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳар бир иштирокчи давлатнинг ривожланиши учун янги имкониятлар очишига вазирлар ишонч билдирдилар.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбатда Ҳиндистон Элчиси Винод Кумар иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги