Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аҳоли бандлигини ошириш мақсадида микрокредитлар ҳажми кўпайтирилади
2018-11-22 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни банк тизимини ислоҳ этиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Кредитлар ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда зарур манба ҳисобланади. Бўш маблағларни жалб қилиб, уларни кредит сифатида тадбиркор ва инвесторларга тақдим этадиган тижорат банкларининг иқтисодий жараёнлардаги роли жуда катта.
Шу борада кўрилган тизимли чоралар натижасида охирги икки йилда банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини кредитлаш кўлами сезиларли даражада кенгайиб, кредит портфели ҳажми 3,2 баробар ошди. Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасида 6 минг 400 та лойиҳа учун 27 триллион сўм кредит ажратилди.
Йиғилишда банк тизимида ижобий натижалар билан бирга, қатор муаммолар ҳам борлиги қайд этилди. Жорий йилда Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига банк соҳаси бўйича 24 мингдан зиёд мурожаат бўлгани шундан далолат беради.
Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи муҳокама қилинди. Бундай кредитлар жами кредитларнинг 1,8 фоизидан кам бўлса-да, йил бошига нисбатан ошгани қайд қилинди. Ҳудудлар кесимида бундай кредитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига, 5 фоизи Қашқадарё, 3 фоизи Бухоро вилоятига тўғри келади.
Шунингдек, ҳокимликлар ва тармоқлар томонидан айрим лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмагани оқибатида бир қатор объектлар ўз вақтида ишга тушмагани ҳамда кредитлар қайтиши чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кредит маблағлари ажратилган айрим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳалигача бошланмагани танқид қилинди.
Уй-жой фондини таъмирлаш ва турар жой биноларини барпо этишга қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан кредит ажратилиши оқибатида умидсиз қарзлар кўпаймоқда. Жумладан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича катта миқдорда муаммоли кредитлар мавжуд. Улардан энг кўплари – Тошкент шаҳрида 32 миллиард сўм, Қашқадарё вилоятида 27 миллиард сўм, Андижон вилоятида қарийб 20 миллиард сўм ва Бухоро вилоятида 14 миллиард сўмдир.
Давлатимиз раҳбари муаммоли кредитларни қайтариш банкларнинг имкониятларини янада кенгайтиришини, уларни ундириш бўйича банклар, қарздор корхоналар, компания ва уюшмалар, ҳудудлар раҳбарлари биргаликда иш олиб бориши зарурлигини таъкидлади.
Банкларнинг кредит учун ресурслар жамлашдаги фаоллиги ҳам етарли эмас. Аҳоли ва юридик шахсларнинг бўш маблағларини банк депозитларига, биринчи навбатда муддатли ва жамғариб бориладиган депозитларга жалб қилиш банкларнинг молиявий барқарорлигини оширади.
Президентимиз тижорат банклари халқаро молия институтлари кредит линияларини янада фаол жалб этиши ва уларни тўлиқ ўзлаштириши лозимлигини қайд этди.
Тижорат банклари устав капитали асосан давлат улуши ҳисобига оширилиб, хусусий сектор маблағлари деярли йўналтирилмагани жиддий танқид қилинди.
Ўтган икки йил мобайнида давлат томонидан банкларнинг капиталига қарийб 1 миллиард доллар миқдорида маблағлар ажратилган. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан давлат улушига эга деярли барча банклар, жумладан, Қишлоқ қурилиш банк, Саноатқурилишбанк, Асакабанк, Агробанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк ва Ипотека банк устав капиталида жисмоний ва юридик шахсларнинг акциялари улуши кескин камайган. Шунинг учун банкларнинг устав капиталига хусусий сектор маблағларини фаол жалб этиш кераклиги таъкидланди.
Йиғилишда кузатув кенгашлари банкларнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш ва фаолиятини яхшилаш бўйича етарли иш олиб бормаётгани муҳокама қилиниб, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлигига давлат тасарруфидаги банкларнинг кузатув кенгашлари фаолиятини танқидий ўрганган ҳолда, уларнинг таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ва самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди. Мамлакатимиз молия муассасалари фаолиятини такомиллаштириш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида микрокредитлар ҳажмини кескин ошириш, уларни ажратиш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти