Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Адолат” СДП фракцияси Давлат бюджети ижросининг қайси жиҳатидан норози бўлди?
2018-11-16 | Иқтисодиёт
2018 йилнинг 15 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, партия фаоллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетининг 2018 йилнинг тўққиз ойлигидаги ижроси ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси кўриб чиқилди.
Йиғилишда дастлаб фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижросини атрофлича муҳокама этдилар. Унда социал-демократик ғояларга таянган ҳолда, асосий эътибор ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 30,01 трлн. сўм режалаштирилиб, ҳақиқатда 28, 89 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этади. Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 47,2 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 13, 63 трлн. сўм маблағларнинг мақсадли ишлатилишига депутатлар томонидан жиддий эътибор қаратилди.Боиси, ҳисобот даврида ушбу маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши таъминланмаган. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларига марказлашган тартибда мебель ва бошқа жиҳозлар сотиб олиш харажатлари, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар харид қилиш, умумтаълим муассасаларини дарсликлар билан таъминлаш, кам таъминланган оилалардан бўлган болаларга қишки кийимларни харид қилиш учун ажратилган жами 84,6 млрд. сўм миқдорида маблағлар ўзлаштирилмагани фракция аъзолари томонидан ушбу соҳалар ривожига бўлган масъулиятсизлик, дея баҳоланди.
Шунингдек, фракция аъзолари томонидан илм-фан ва инновацияларни жорий этишга ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмагани танқидий таҳлил этилди. Хусусан, мамлакат Президенти қарорига мувофиқ, устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, “стартап” лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун жорий йилнинг июль ойида 50 млрд. сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, бугунги кунда ушбу маблағлар ўзлаштирилмагани депутатларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.
Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.
Қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 25,8 фоизга ўсган бўлиб, фракция аъзолари ушбу соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун режалаштирилган 129,9 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмагани алоҳида муҳокамага ва эътирозга сабаб бўлди.
Соғлиқни сақлаш тизимида асосий эътибор аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлашга қаратилаётгани бир пайтда юқорида қайд этилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилмагани тизимдаги ислоҳотлар самарасига ўз таъсирини ўтказаётгани таъкидланди.
Муҳокамалар якунида “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ижросининг 2018 йил 9 ойлиги якунлари бўйича соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан соҳаларидаги юқорида қайд этилган масалалар танқидий баҳоланиб,
ушбу йўналишларда йўл қўйилган камчиликларни тўлиқ бартараф этиш ва жорий йил якунига қадар маблағларнинг мақсадли сарфланишига эришиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, фракция йиғилишида давлатимизнинг 2019 йилга мўлжалланган бош молиявий ҳужжат лойиҳаси ҳам кенг муҳокама қилинди. Аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтиришга йўналтирилган мазкур Бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар асосида ишлаб чиқилгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, 2019 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади ва ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар 57, 82 трлн. сўмни ёки жами харажатларнинг 54 фоизини ташкил этади. Бу Бюджетнома лойиҳасининг халқчилигини ва ижтимоий йўналтирилганини яққол намоён этади.
Шу билан бирга, узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини ҳисобланадиган мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан ўтган йилга нисбатан 51,0 фоизга кўп, яъни 4,02 трлн. сўм маблағ йўналтириш белгиланмоқда. Бунда мактабгача таълим муассасаларида сифатли овқатлантиришни ташкил қилиш учун бюджетдан қўшимча 360,0 млрд. сўм ажратиш кўзда тутилаётгани ва бунинг натижасида мактабгача таълим муассасаларида болалар қамрови 35 фоиздан 45,4 фоизга ошиши ҳамда хусусий муасссасаларнинг ривожланиши фракция аъзолари томонидан ижобий баҳоланди.
Шунингдек, бош молиявий ҳужжат лойиҳасида соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта эътибор қаратилган бўлиб, ушбу соҳа харажатлари 12, 088 трлн. сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 30,5 фоизга ошган ҳолда, жами харажатларнинг 11,3 фоизини ташкил этмоқда. Бу маблағлар ҳисобига биринчи тиббий ёрдам хизмати, оилалар соғлиғини мустаҳкамлаш, она ва бола муҳофазаси, тиббиёт муассасаларида ижтимоий дорихоналарнинг сифатини кучайтиришга бирламчи аҳамият қаратилади. Айниқса, фракция томонидан алоҳида эътибор билан ўрганиб бориладиган дори-дармон ва тиббиёт буюмларининг хариди, уларнинг мақсадли йўналтирилиши бўйича ажратилаётган маблағлар 1,0 трлн. сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 16 фоизга кўпроқни ташкил қилаётгани диққатга моликдир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан 2019 йил учун Бюджетнома лойиҳасига бир қатор масалаларда таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва реконструкция қилишни режалаштиришда асосий эътиборни бола қамрови ўртача кўрсаткичдан анча кам бўлган Сурхондарё (13 %), Қашқадарё (24%) ва Жиззах (24,2%) вилоятларига қаратиш зарур. Шунингдек, тиббиёт муассасаларини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратиладиган маблағларни ҳудудлар кесмида адолатли тақсимлаш тизимини жорий этиш мақсадга муфовиқлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида фракция аъзолари томонидан 2019 йилга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси мақулланди ва “Адолат” СДП Сайловолди дастурига мувофиқ, уни амалга оширишга қаратилган таклифлар берилди.
Фракция мазкур йиғилиш якуни бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2018 йил тўқиз ойлигининг бажарилиши ҳолати ва йўл қўйилган камчиликлар, соҳаларга ажратилган маблағларнинг ўз вақтида сарфланиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилдга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасига партия позициясидан келиб чиқиб муносабатлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси