Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Италия делегацияси билан учрашув
2018-11-14 | Сиёсат
2018 йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Италия Республикаси ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Манлио Ди Стефано бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда сиёсий-дипломатик, савдо, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамда «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» шаклида Ўзбекистон-Италия мулоқоти ҳолати ва уни янада чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, халқаро ва минтақа муаммоларига доир айрим масалалар муҳокама қилинди.
Турли даражаларда бўлажак алоқалар юзасидан таклифлар кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, икки давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ўзаро манфаатли барча соҳалардаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш имконини беради.
Музокараларда икки томонлама товар айланмасини оширишдан ўзаро манфаатдорлик таъкидланди. Савдо ҳажми жорий йилнинг январь-сентябрида 206 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, бутун 2017 йилга қараганда 20%га кўпроқни ташкил этади. Қайд этилганидек, 2019 йил бошида Савдо, иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги ва экспорт кредитлари масалалари бўйича Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисини ўтказиш мазкур муҳим соҳадаги қўшма кун тартибини долзарблаштириш имконини яратади.
Суҳбат чоғида "Ўзбекистон металлургия комбинати" АЖ ва Италиянинг “Danieli & C.Officine Mecchanicne S.p.A” компанияси ўртасида имзоланиши кутилаётган қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича инвестиция битими ижобий баҳоланди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шу куннинг ўзида ТИВда Ўзбекистон-Италия сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди бўлиб ўтди.
Тадбирларда Италия Элчиси Андреа Бертоцци иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги