Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Оксана Владимирова: ногиронликка оид масалалар барча мамлакатларни ўйлантираётган муаммолардан

2018-11-08 | Соғлиқни сақлаш

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда алоҳида эҳтиёжли шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган халқаро семинар ташкил этилди. 

Унда юртимизнинг мазкур соҳага оид мутахассис ва экспертлари, жамоат тузилмаларининг вакиллари билан бирга халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардан мутахассислар ҳам қатнашди. 

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Грауманн ва бошқалар ногиронлиги бўлган шахсларга доир долзарб масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этишда бу каби семинарлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Ўзбекистонда фуқароларнинг барча қатламларини аниқ ва манзилли, кучли ижтимоий ҳимоялаш, айниқса, алоҳида эҳтиёжли шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Бош қомусимизда бу борадаги ҳуқуқий кафолатлар аниқ ва қатъий тарзда белгилаб қўйилган. 

Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги "Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашишга оид ишларни тизимли тарзда ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. 

Унга кўра, ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ўрганиш, тиббий-малакавий комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, малакасини ошириш, ногиронларни иш билан таъминлашга доир ишлар аҳволини таҳлил қилиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

– Бугунги кунда ногиронликка оид масалалар барча мамлакатларни ўйлантираётган муаммолардан, – дейди Россиянинг Г.Альбрехт номидаги ногиронлар реабилитацияси илмий федерал марказининг реабилитация ва абилитация институти директори Оксана Владимирова. – Ушбу семинарга ногиронликка оид тегишли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган вазирлик ва идоралар билан бирга жамоат тузилмалари, олимлар, экспертлар жалб этилгани эътиборга молик. Табиийки, мазкур тадбирда ЮНИСЕФ, БМТ, БМТнинг Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотлар мутасаддилари иштирок этаётгани бу борадаги илғор ёндашув, тажриба ва тенденцияларни атрофлича таҳлил қилиш имконини беради. Юртингиздаги жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар ҳам ушбу масалага фаол муносабатда бўлаётгани таҳсинга лойиқ. Ўзбекистонга келган ҳар бир хорижлик меҳмон унинг тарихи, маданияти, анъаналари билан батафсил танишишни истайди. Шу маънода семинар дастуридан Самарқанд шаҳрига ташриф кўзда тутилгани диққатга сазовор. 

Уч кунлик семинарда алоҳида эҳтиёжли шахслар учун меҳнат ва бандлик, ижтимоий ҳимоя ва хизматлар, сиёсий ва ижтимоий ҳаётни қўллаб-қувватлаш, очиқ ва мақбул туризм каби масалалар атрофлича муҳокама этилади. 

Иштирокчилар қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиш имконига эга бўлади. 

 

Н.Усмонова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться