Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германия Бундестаги делегациясининг учрашувлари
2018-11-01 | Сиёсат
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Марказида 1 ноябрь куни Германия Бундестагининг “ГФР – Марказий Осиё» парламент гуруҳи раиси Манфред Грунд бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш миллий тизими яратилгани ва уни тизимли равишда рўёбга чиқариш юзасидан изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Учрашувда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг жорий йил май ойида Женевада ўтказилган 39-сессиясида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари бажарилиши юзасидан тақдим этган миллий маърузасидаги масалалар, юртимиздаги суд-ҳуқуқ тизими, давлат бошқаруви органларининг вояга етмаганларни ноқонуний меҳнатга жалб этишнинг олдини олишдаги фаолияти, ҳукумат ва фуқаролар ўртасида мулоқотни амалга оширишнинг янги тизими йўлга қўйилгани, сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
– Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда юритилаётган ташқи сиёсат эътирофга лойиқ, – деди делегация раҳбари Манфред Грунд. – Хусусан, Германия билан турли соҳаларда ҳамкорлик кенгаяётгани, ишбилармонларимиз мамлакатингиз бозорига киришга қизиқиш билдираётгани ўзаро муносабатлар ривожланиб бораётганидан далолат. Ушбу алоқалар сиёсий соҳада ҳам изчиллик касб этиб бормоқда.
Суҳбат чоғида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эришилаётган ютуқлар билан бирга суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, бу борада ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашишни тизимли йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов билан учрашувда Ўзбекистон ва Германия муносабатлари сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий соҳаларда ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни фан-техника, машинасозлик, инновацион лойиҳалар, олий таълим тизими, парламентлараро муносабатлар соҳаларида янада ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шу куни “ГФР – Марказий Осиё» парламент гуруҳи делегацияси Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида бўлиб, ижтимоий ҳаётда хотин-қизларнинг ролини ошириш борасидаги ишлар билан танишди, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети раҳбарияти ва талабалар билан учрашди.
Манба: ЎзА