Мамлакатимизда ўтказилаётган Ўзбекистон - Россия ёшлар фестивали иштирокчилари 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлди.
Россиялик ёшлар Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида дастлаб шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликлар билан танишди.
Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек обсерваторияси ва музейи, Амир Темур мақбарасига уюштирилган саёҳат давомида уларга ушбу мажмуалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Мирзо Улуғбек музейида сақланаётган тарихий ашёлар, буюк астроном олим асос солган Самарқанд астрономия мактабига оид маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг Регистон мажмуасидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида сайёҳлик оқимини кенгайтиришда ёшларнинг ўрни” мавзусида амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Россия талабалар ва талабалар уюшмалари ассоциациясининг Хабаровск ҳудудий ташкилоти раиси А.Никонова Ўзбекистон ва Россия ёшлари ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқалар икки мамлакат ёшларининг турли соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Россия ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди. Шу йил февраль ойида юртимизда, октябрь ойининг бошида Россияда Ўзбекистон – Россия ёшлар форумлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Мазкур тадбирларнинг узвий давоми сифатида ташкил этилган фестиваль ҳам мамлакатларимиз ёшлар ташкилотлари ва ёшларининг илмий-ижодий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи С.Акбаров, Россиянинг “Конгрессорг” компаниялар гуруҳи бизнесни ривожлантириш бўйича директори О.Альмендеев, туризм соҳаси бўйича олим ва мутахассислар Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш имкониятлари ва салоҳияти, Россияда таълим ва тиббиёт туризми истиқболлари, икки мамлакат ҳудудларида сайёҳликни равнақ топтириш масалалари юзасидан маъруза қилди.
– Юртимизда туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда Ургут туманида Тахтиқорача довонида сайёҳлар учун кемпинг ташкил этдик, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Marokand travel agency” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Бекбоев. – Ушбу лойиҳамиз Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланди. “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида жой ажратиб берилди. Бу жойда ўтов ва бошқа дам олиш масканлари қурилиб, тоғ туризми учун зарур шароит яратилди. Сайёҳлар бу ерда бир неча кун яшаб, халқимизнинг турмуш тарзи, анъана ва урф-одатлари билан танишади, миллий таомлардан баҳраманд бўлади. Конференцияда россиялик тенгдошларимизга бу ҳақда маълумот бериб, уларни ҳамкорликда ишлашга таклиф этдик.
Конференцияда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ёшлар туризмини кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ғ.Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА