Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган халқпарвар сиёсати туфайли кейинги йилларда халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди.
Икки давлат раҳбарларининг тарихий ташрифлари эса бу алоқаларни янги босқичда давом эттириш имконини кенгайтирди.
Жорий йил март ойида мамлакатларимиз ўртасидаги чегара ўтказиш пунктларининг очилиши азалдан қуда-анда, яқин қўшни бўлиб келган ўзбек ва тожик халқлари учун узоқ кутилган, улар қалбига чексиз қувонч бахш этган воқеа бўлди.
Бу имкониятлар Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ҳам ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўзаро ишонч ва самимиятга асосланган дўстлик алоқаларини савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтириб бормоқда. Жорий йил апрель ойида Самарқандда Суғд вилояти кунлари ўтказилган бўлса, сентябрь ойи аввалида Суғдда шундай тадбир ташкил этилди. Мазкур мулоқотлар давомида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмалари ўтказилди. Икки вилоят маданият ва санъат усталари томонидан концерт дастурлари намойиш этилди. Халқларимизнинг муштарак байрами ҳисобланган Наврўз биргаликда нишонланди.
Бу гал қардош Суғд вилояти маъмурияти ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистларни анъанавий “Меҳргон” байрамига таклиф қилди.
Олтин куз ўз саховати, гўзаллиги билан намоён бўлаётган шу кунларда шарқда, жумладан, Марказий Осиё давлатларида ҳам анъанавий ҳосил байрамлари нишонланмоқда. Тожик халқининг “Меҳргон” тадбири ҳам ушбу фаслда ўтказиладиган ана шундай шукуҳли, ўзига хос ҳосил байрамидир.
Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб қасри” мажмуасида байрамнинг асосий тадбирлари – “Палов оши” фестивали, “Асал ва қовун байрами”, “Миллий ширинликлар”, “Суғд атлас ва адраси” кўргазмалари ўтказилди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари учун ажратилган майдонда суғдлик деҳқон ва боғбонлар, соҳибкор ва чорвадорлар ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини намойиш этди.
Байрам тадбирларида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди ва кўргазмаларни кўздан кечирди. Суғдлик деҳқон ва боғбонлар, ҳунарманд ва ошпазлар, ижодкор ва фахрийлар билан суҳбатлашди.
Маълумотларга кўра, Суғд вилоятида 67 минг деҳқон хўжалиги 227 минг гектардан ортиқ майдонда мева-сабзавот, полиз ва бошқа экинлар парваришлаб келмоқда. Айни пайтда вилоятда 72 минг гектар боғ ва 11 минг гектар токзор мавжуд. 2016-2020 йилларга мўлжалланган узумчилик ва боғдорчиликни ривожлантириш давлат дастурига мувофиқ, жорий йилда 20 гектардан ортиқ майдонда янги интенсив боғ бунёд этилган.
– Спитамен туманимизда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида фаолият олиб борилади, – дейди тажрибали деҳқон Раҳимжон Ражабов. – Боғ ва узумзорларимиз бор, полиз ва сабзавот экинлари парваришлаймиз. Ўзбекистондаги сингари қовун ва тарвуздан мўл ҳосил етиштирамиз, олма, узум, ўрик, нок ва бошқа меваларни экспортга ҳам чиқарамиз. “Меҳргон” йил давомидаги меҳнатимиз маҳсулини элга кўрсатадиган, деҳқончилик мавсумини сарҳисоб қиладиган байрамдир. Бу йилги фестивалда маҳаллий аҳоли билан бирга, қўшни давлатлар ва узоқ хориждан меҳмонлар иштирок этаётганидан хурсандмиз.
Вилоят қишлоқ хўжалик ходимлари ички истеъмол бозорига сифатли маҳсулот етказиб бериш қаторида, сертаъм мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини хорижга ҳам экспорт қилиб, мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Маълумотларга кўра, суғдлик деҳқонлар бу йил 80 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилган.
Фестивалда вилоятдаги озиқ-овқат корхоналари томонидан нон ва нон маҳсулотлари, 30 га яқин турдаги миллий ширинликлар кўргазмаси ўтказилди. Нон ва нон маҳсулотлари қаторида хўжандлик новвойлар томонидан пиширилган Самарқанд нонлари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.
“Палов оши” фестивали байрамнинг асосий тадбирларидан бири ҳисобланар экан. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган моҳир ошпазлар 30 та қозонда ўзига хос усулда, бир-бирини такрорламайдиган ош дамлади. Панжикентнинг девзира гуручидан тайёрланган ош, Турсунзода лазер гуручли палови,
тоғ каклиги гўшти солинган палов, зиғир ёғи ва қовун уруғи билан тайёрланган, қазили, кишмишли, бедана тухуми солинган ош иштирокчиларда ўзгача таассурот қолдирди.
Хўжанд миллий ош маркази ошпазларининг “Самарқандча палов” дамлаши бизнинг қизиқишимизни оширди.
– Шаҳар марказидаги ошхонамиз Хўжанддаги энг гавжум масканлардан, – дейди миллий ош маркази ошпази Абдужаббор Раҳматов. – Бир неча хил ош тайёрлаб, элга улашамиз. Турсунзода лазер гуручидан дамланадиган “Самарқандча ош”га талабгорлар жуда кўп. Бир неча йилдан буён ушбу таомни тайёрласак-да, бу йил чегаралар очилгач, Самарқандга бориб, маҳаллий ошпазлар фаолиятини ўрганиб келдик. Ҳақиқий самарқандча ош тайёрлаш бўйича тажриба алмашдик.
Байрам тадбирлари доирасида қизиқарли шартлардан иборат танловлар, мусобақалар ўтказилди.
“Меҳргон” байрамининг муҳим тадбирларидан бири бўлган “Суғд атласи ва адраси – 2018” фестивали “Арбоб қасри” концерт залида ўтказилди.
Муҳташам сарой олдида Суғд вилояти уста ва ҳунармандларининг маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. “Арбоб қасри” эса атлас ва адраслар билан безатилган. Суғдда ушбу миллий матоларнинг 50 дан ортиқ тури маҳаллий ҳунармандлар томонидан тайёрланар экан.
Мамлакат ҳукумати халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш учун тадбиркорлар ва ҳунармандларга кенг имконият ва имтиёзлар бермоқда. Хусусан, уйда халқ эҳтиёжи молларини ишлаб чиқариш ва уларни сотиш билан шуғулланувчилар 2018 йил 1 январдан барча турдаги солиқлардан озод қилинган.
Таъкидлаш лозимки, Тожикистонда “Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили”, деб эълон қилинган 2018 йилда бу каби миллий фестиваль ва тадбирлар кенг миқёсда ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларни кенг тарғиб этиш, бу ҳақда жаҳон аҳлига маълумот бериш мақсадида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. “Меҳргон” байрами доирасидаги тадбирларни ҳам Тожистон оммавий ахборот воситалари билан бирга Ўзбекистон, Россия, Қирғизистондан келган журналистлар ҳам ўз теле ва радиоканаллари, интернет ва босма нашрлар орқали кенг ёритди.
Суғд вилоятида ўтказилган “Меҳргон” байрами тадбирлари тожик ва ўзбек халқларининг муштарак маданияти, анъана ва қадриятларини намоён этгани билан ҳам унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Самарқанд – Хўжанд – Самарқанд
Ғолиб Ҳасанов,ЎзА
Манба: ЎзА