Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес-форуми
2018-10-30 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали ўтказилмоқда. Фестиваль доирасида "Ёшлар ижод саройи"да илк бор Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес-форуми ташкил этилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ёш ишбилармонлари ўзаро тажриба алмашиш билан бирга, қўшма бизнес лойиҳаларини амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, ахборот технологиялари, рақамли тижорат каби соҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борди.
Бизнес-форум очилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, Россия ёшлар итттифоқи раиси ўринбосари Татьяна Селивёрстова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори Бунёдбек Баҳромбеков Ўзбекистон – Россия муносабатлари кўплаб соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар йўналишда изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Россия ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланган эди. Ушбу ҳужжат икки мамлакат ёшлари ўртасида алоқаларни кучайтириш ҳамда ўзаро фикр алмашиш асосида ёшлар масалалари соҳасида ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган.
Меморандум ижроси доирасида шу йил 12-17 февраль кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида, 1-7 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва, Астрахань ва Волгоград шаҳарларида Ўзбекистон – Россия ёшлар форуми кўтаринки руҳда ўтказилди. Россияда ўтказилган тадбир давомида Белгород шаҳрида биринчи Россия – Ўзбекистон ёшлар бизнес-инкубатори очилди.
Эндиликда Тошкентда илк Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес-инкубатори очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Татьяна Селивёрстова форумда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, шу йил декабрь ойида Тошкентда илк бизнес-инкубатори ташкил этилади. 2019 йилга бориб яна шундай 5 та бизнес-инкубатор фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Форумнинг яна бир иштирокчиси, Россия ёшлар иттифоқи Халқаро бизнес лойиҳалар маркази директори Алексей Ежовнинг маълум қилишича, айни вақтда Россия Федерациясида 20 дан зиёд Россия – Хитой ёшлар бизнес-инкубатори фаолият юритмоқда. Келгусида Ўзбекистон ва Россия ёшларининг бизнес-инкубаторлари бу кўрсаткични қувиб етади. Бунинг учун барча шароит ва имконият бор. Қолаверса, айни соҳадаги ташаббусларни мамлакатларимиз изчил қўллаб-қувватламоқда.
Форум иштирокчилари мамлакатимизда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
– “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси кўмагида ўз фаолиятимизни кенгайтирдик, – деди “Pop Innovations” очиқ акциядорлик жамияти директори Сардоржон Рахмонов. – Корхонамиз, асосан, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган йирик бунёдкорлик ишларига қурилиш материаллари етказиб беришда корхонамиз ҳам иштирок этмоқда. Ушбу форум доирасида Россия бизнесининг ёш вакиллари билан қатор ҳамкорлик келишувларини имзоладик.
Тадбир иштирокчилари электрон тижорат соҳасини ривожлантириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашди.
– 2017 йилда фаолият бошлаган компаниямиз мижозларга онлайн савдо хизматларини таклиф этмоқда, – деди “Paynet” тўлов тизими ва “LeBazaar” интернет дўкони асосчиси Ботир Орифжонов. – Ҳозир ривожланган давлатлар савдо муносабатлари тўла онлайн олди-сотдига ўтмоқда. Онлайн бозор тизими мамлакатимиз аҳолиси учун талай қулайликлар яратади. Хусусан, мавжуд офлайн дўконлар ҳам ҳозир онлайн савдо муносабатларига киришишга уринмоқда. Онлайн савдонинг такомиллашуви натижасида ўз-ўзидан мобиль смартфонлар савдоси кенгаймоқда. Форум доирасида Россия бизнес вакиллари онлайн савдо соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришдик.
Ахборот технология иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бўлиб, форумда соҳада тадбиркорликни ривожлантиришга доир фикрлар ҳам билдирилди. Жумладан, “My Taxi" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмал Файзиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ахборот технологиялари бозорида муваффақиятли тажрибалар йўқлиги, мутахассислар етишмаслиги ва интернет билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар соҳа ривожига жиддий халақит қилмоқда.
– Биргина интернет мисолида оладиган бўлсак, мамлакатимизда бу хизмат нархи бошқа давлатлар билан солиштирганда бир неча баравар қиммат. Ваҳоланки, ахборот технологиялари бозорининг асосий унсурларидан бири интернет ҳисобланади. У барча учун ҳамёнбоп бўлмас экан, соҳа тадбиркорлиги ривожланмайди, – деди у.
Форум доирасида икки мамлакат ёш тадбиркорлари, корхона ва компаниялари раҳбарлари иштирокида “B2B” форматда учрашувлар ташкил этилди. Уларда иқтисодиётнинг турли тармоқлари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувлар имзоланди.
Тадбир доирасида ҳунармандлик ва рассомлик кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар "Urban fest" ҳудуди: замонавий рақс ва граффити танлови"да ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Малоҳат Ҳусанова, Зуҳра Мирзабоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА