Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Германия савдо алоқалари кенгаймоқда
2018-10-19 | Иқтисодиёт
Пойтахтимизда 18 октябрь куни Ўзбекистон – Германия савдо ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, инвестиция, банк-молия, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, автомобиль, кимё, электротехника саноати, қурилиш материаллари, туризм, хизмат кўрсатиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Германия иқтисодиёт ва энергетика бўйича федерал вазири ўринбосари, ташқи иқтисодий сиёсат департаменти раҳбари Экхард Франс ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳада жадал ривожланиб бораётгани, иқтисодиётимизга хорижий инвестициялар жалб қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар бунда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизга Германиядан жалб этилаётган инвестициялар оқими ортиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда германияликлар билан бирга ташкил этилган 147 корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Мажлисда Ўзбекистоннинг хорижий сармоядорларга имтиёзлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Германия ишбилармонлари томонидан юқори баҳоланди. Ушбу мамлакатнинг "МAN", "Claas", "Lemken", "Кnauf" каби ўз соҳасида етакчи концерн ва компаниялари Ўзбекистон ишлаб чиқариш бозорида муваффақиятли фаолият юритаётгани, "Siemens", "Bosch", "Viessmann", "Humana" ва кўплаб бошқа компаниялар билан биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.
– Ўзбекистон катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, – дейди Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд. – Мамлакатларимиз ўртасида савдо ва инвестиция соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Автомобилсозлик ва кимё саноатида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган. Мажлисда "Навоий" ва "Ангрен" эркин иқтисодий зоналарида ҳамкорликда жорий этилган лойиҳалар ва Чилонзор туманида яқинда ташкил этилган “Алгоритм” кичик саноат зонаси фаолиятини янада кенгайтириш масалаларида ҳам келишиб олдик.
Тадбирда мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, эркин иқтисодий зоналарда хорижий сармоядорлар учун яратилган шароитлар акс эттирилган тақдимотлар намойиш қилинди.
Дилобар Маматова, ЎзА
Манба: ЎзА