Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Корея кооперацион биржаси
2018-10-18 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳрида 17 октябрь куни Ўзбекистон-Жанубий Корея кооперация биржаси ўтказилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда кореялик ишбилармонлар сармояси иштирокида 460 дан зиёд корхона нефть-газ, кимё саноати, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, логистика, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалар бўйича фаолият юритмоқда.
Статистикага кўра, Корея Республикасининг Ўзбекистонга йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ортган. Жорий йилнинг 9 ойида мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси 34 фоизга ошиб, 1,28 миллиард долларни ташкил этган.
Ушбу рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ишончли савдо ва инвестициявий шерикларидан. Ва бу шериклик икки мамлакат ишбилармонларининг кооперация биржа шаклидаги ўзаро мулоқотлари асосида ҳам ривожланмоқда.
– Ўзбекистон ва Корея ишбилармон доираларининг кооперацион биржаси ва бизнес-форумлари мунтазам ўтказиб келинмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бўлим бошлиғи Сардор Бобоқулов. – Мазкур кооперацион биржада томонлар агротехнология, замонавий ускуналар, ахборот технологиялари, муқобил энергия, енгил саноат каби йўналишларда қўшма бизнес лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.
Корея Республикасининг Кёнгидо провинцияси технопарки бош директори Гангсун Чойнинг маълум қилишича, ушбу мамлакатда 18 ҳудудий технопарк фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар кўмагида ишбилармонлар ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширмоқда, шунингдек, соҳалар бўйича инновацион таклифлар, ишланмалар амалиётга жорий этилаётир. Ўзбекистон – Корея кооперация биржасида Корея Республикасидан 5 та технопарк 10 дан зиёд компаниялари билан иштирок этди. Ушбу компаниялар янги хизматлар, маҳсулотлар, инновацион технологиялар бўйича ўз тақдимотларини ўтказди.
Тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматдаги учрашувлар ташкил этилди.
– Корхонамиз мева-сабзавот ва бошқа истеъмол маҳсулотларига мўлжалланган турли кўринишдаги қоғоз қутилар, полиэтилен қоплар ишлаб чиқаради, – дейди “Ravshan Vodik.Production” корхонаси раҳбари Муҳаммадризо Бўриев. – Тадбирда Кореянинг айни йўналишда етакчи компанияларининг тажрибаси, бактериологик чидамли ва экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқариш технологиялари билан танишиб, улар билан келишувга эришдик. Яқин истиқболда бу ўз самарасини беради.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА