Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўрта Осиё ёшлари бир мақсад атрофида бирлашди

2018-10-16 | Жамият

Термизда Ўрта Осиё мамлакатлари ёшларининг “Дўстлик” форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган тадбирда кейинги пайтларда мамлакатимизда айниқса, қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган мазкур форум ҳам ана шу олижаноб мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди. Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг истеъдодли ва изланувчан ёшларини бирлаштирган тадбир юқори савияда ташкил этилди. 

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан улғайиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши, хусусий бизнес билан шуғулланиши, инновацион ғояларини ҳаётга татбиқ этиши учун барча шароит яратилмоқда. 

Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада сўнгги икки йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 5 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Ўтган йили Термиз туманида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази иш бошлади. Бу ерда 130 га яқин афғон ўғил-қизлари ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича олий маълумотли ўқитувчи ҳамда темир йўл транспорти мутахассислиги касбини эгалламоқда. Термиз давлат университетида икки йил муқаддам 50 га яқин йўналишда кадрлар тайёрланган бўлса, жорий йилда ёшлар 89 йўналиш бўйича касб сирларини ўрганаётир. 

Ўрта Осиё мамлакатлари ёшлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бўлиб, бу ерда қўшни давлат ёшларининг таълим олиши, касб ўрганиши учун яратилган шароитлар билан танишди. Термиз давлат университетида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда архитектура, экология, илм-фан йўналишларидаги тақдимотлари билан иштирок этди. 

– Анжуманда “Жанубий Орол бўйида инқирозга учраган экосистемаларнинг ҳозирги ҳолати ва уни яхшилаш йўллари” мавзуидаги тақдимотим қўшни давлатлар ёшларида катта қизиқиш уйғотди, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси, “Ёш олимлар” кенгаши аъзоси Нодирбек Хуррамов. – Чунки, бу масала бутун Ўрта Осиё минтақаси муаммосидир. Бизнингча, минтақадаги мамлакатлар ёшлари бирлашиб, биргаликда ҳаракат қилсак, вазиятни ўнглаш имконияти албатта топилади. 

Форум доирасида умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларига, замонавий саноат корхоналари ҳамда “Термиз марвариди” санаторийсига уюштирилган саёҳат, бахши-шоирлар билан учрашув, Термиз шаҳридаги муҳташам “Санъат саройи”да театрлаштирилган саҳна асарлари намойиши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Термиз шаҳридаги халқаро ёшлар оромгоҳида ташкил этилган спорт беллашувлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар Шеробод туманида Сурхондарёнинг тансиқ таомларидан бири – тандир кабобни тайёрлаш жараёнини ўзгача қизиқиш билан кузатди. 



– Бизда ҳам қўй гўштидан турли таомлар тайёрланади, – дейди қозоғистонлик Уалихон Болатбек. – Лекин, қадимий услубда бунақа таом тайёрланишига биринчи марта гувоҳ бўлиб турибман. Бу жараённи катта қизиқиш билан томоша қилдим. Сирларини билиб олдим. Тайёр бўлгач, тандирдан олиниши билан тановвул қилиб кўрдим. Оҳ, мазаси оғзимда қолди. Юртимизга қайтгач, бу ҳақда дўстларимга албатта сўзлаб бериш баробарида уни ўзимизда ҳам тайёрлашга ҳаракат қилиб кўраман. 

Сурхондарё вилояти аҳолисининг 57 фоизини ёшлар ташкил этади. Улар тадбиркорлик, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Хусусан, бу йил 24 ўғил-қиз республика кўрик-танловларида, 144 нафари фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллади. Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат миқёсида ўтказилган спорт беллашувларида вилоят ёшлари 96 олтин, 88 кумуш ва 100 дан ортиқ бронза медалини қўлга киритди. Қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ёш спортчилар 22 олтин, 24 кумуш ва 17 бронза медалга сазовор бўлди. Шунга мос равишда ўқишдаги муваффақияти, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган беш нафар йигит-қиз “Мард ўғлон” ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 

– Биз сизларга қирғиз халқининг, ёшларининг дўстлик саломини олиб келдик, – дейди А.Мадалиев.– Ўзбекистоннинг янги босқичда ривожланаётгани ва бу ерда ёшлар учун яратиб берилаётган шароитлар билан танишдик. Қирғиз ва ўзбек халқлари азалдан яқин қўшни, дўст-биродар бўлиб яшаган. Мазкур форум бизнинг ана шу анъаналарни давом эттиришимизда муҳим аҳамият касб этди. Сурхондарё бой таассурот уйғотди. Бу ерда кўплаб дўстлар орттирдик. Тарихий обидаларни зиёрат қилдик. 

Ўрта Осиё халқлари учун бирдек долзарб бўлган турли муаммолар атрофида қизғин баҳс юритилган тадбирнинг самимий руҳда дўстона, очиқ мулоқот тарзида ўтгани қўшни афғон ёшларининг ҳам мазкур форумга қизиқишини янада кучайтирди. 


– Форумда илк марта қатнашяпмиз, – дейди афғонистонлик С.Башаш. – Бизнинг тилимиз, динимиз, аждоду илдизларимиз бир. Энг муҳими, мақсадларимиз муштарак. Тадбир барчамиз учун жуда фойдали бўлди. Келажакда мазкур форум Афғонистонда ҳам ўтказилишини истаймиз. Биз, ёшларга мана шундай кенг имконият яратиб берган Ўзбекистон давлатига миннатдорлик билдирамиз. 

Тадбир доирасида вилоятдаги миллий маданий марказларнинг халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Қардош халқлар ёшлари воҳадаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди. 

Форумнинг тантанали очилиш маросимида тинчлик, дўстлик, қардошлик ва меҳр-муҳаббат тараннум этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга бир олам завқ улашди. 

 

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться