Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қурилишни техник тартибга солиш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш – замон талаби

2018-10-15 | Жамият

Маълумки, қурилиш саноати ҳар қандай давлат иқтисодиётининг муҳим қисми ҳисобланади. Қурилиш маҳсулотлари ўз навбатида якунланган ва фойдаланишга топширилган яшаш уйлари, завод ва фабрикалар, темирйўл ва автомобиль йўллари, электростанциялар ва бошқа иншоотлар шаклидаги объектлар ҳисобланиб улар миллий хўжаликнинг барча соҳаларидаги асосий воситаларни ташкил этади.

Солиқ ва божхона имтиёзлари, соддалаштирилган рухсат бериш жараёни, мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база, шунингдек хусусий сармоя ҳимоясининг кафолатланганлиги соҳанинг ривожланиши ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этишга қулай шарт-шароит яратади.

Адлия вазирлиги томонидан қурилиш соҳасини тартибга солувчи амалдаги қурилиш (шаҳарсозлик) норма ва қоидалари (ШНҚ), шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли баҳо бериш мақсадида улар мамлакатимизда архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга мос келиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Айтиш жоизки, сўнгги 10 йилда (2008-2017 йй.) Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2,1 баробарга ошган, ундаги қурилиш саноатининг ҳиссаси 6,8% ташкил этмоқда, дунёнинг ялпи ички маҳсулотида қурилиш саноатининг ҳиссаси 6% ташкил этади.

Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларни сони (2005 й. – 16,4 минг, 2010 й. – 22,4 минг, 2016 й. – 23,8 минг) йилдан йилга ортмоқда, ушбу соҳада меҳнат қилувчилар сони эса аҳолининг 9% га тўғри келади.

Шу билан бирга, ўрганиш ишлари давомида қурилиш соҳасини кескин ривожланиши ҳамда замонавий стандартлар, инновацион ғоялар ва технологияларни қисқа муддатда жорий этишга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммо ва камчиликлар аниқланди. Бу эса ўз навбатида уларнинг танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқилишини, соддалаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришни тақазо этмоқда.

Биринчидан, ШНҚларнинг ягона реестри мавжуд эмас ва уларнинг ҳисоби юритилмаган. Хусусан, қонунчиликда ШНҚларнинг реестри юритилиши назарда тутилмаган, шу боис уларнинг аниқ ҳисоби юритилмай келинмоқда, 60 та ШНҚларнинг тўлиқ матни мавжуд эмас. Ўрганишда 274 та ШНҚлар қамраб олинди (жами 334 ШНҚ), уларнинг 11 таси норматив-техник жиҳатдан тартибга солишдан четга чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Иккинчидан, ШНҚларнинг ўз вақтида янгиланиб борилиши таъминланмаган, айрим ШНҚлар бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотган. Ҳозирги вақтга қадар ўқув юртларини инвентарлар билан жиҳозлашни тартибга солувчи (кодоскоп, филмоскоп ва лентали диафилмлар, кондиционер БК-2500 ва бошқалар), уйларнинг қаватларини чекловчи (оммавий қурилиш учун – 4 қаватдан юқори бўлмаслиги, қишлоқ жойларида (канализацияланмаган уйлар) – 2 қаватдан юқори бўлмаслиги лозим) ва бошқа ШНҚлар мавжуд. Булар ўтган асрнинг 60-70 йилларида ишлаб чиқилган, шунингдек ШНҚларда амалиётда архитектура-қурилиш ишларини амалга оширишда кенг фойдаланилаётган замонавий инновацион усуллар, энергия самарадорлигини оширадиган ва уни тежайдиган ҳамда бошқа янги технологиялардан фойдаланилиши назарда тутилмаган.

Учинчидан, халқаро қурилиш стандартлари асосида миллий стандартларни ишлаб чиқиш салоҳиятига эга ёш ва малакали кадрлар етишмаслиги кузатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда ШНҚларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш билан давлат секторидаги 30 га яқин ташкилотлар шуғулланмоқда. Улар томонидан ушбу жараёнларга асосан билим ва кўникмалари ХХ асрнинг дарсликлари ва илмий ютуқларига таянадиган мутахассислар жалб этилмоқда. Хусусан, 36 та мутахассислардан 18 нафари (50%) 60 ёшдан юқори (Олий ўқув юртларини 1980 йилдан олдин тамомлаган), 5 нафари (13,9%) 50-60 ёшдаги (ОЎЮ 1980/90 йилларда тамомлаган), 11 нафари (30,6%) 30-50 ёшдаги (ОЎЮ 2002/09 йилларда тамомлаган) ва атиги 2 нафари (5,5%) 30 ёшгача (ОЎЮ 2010 йилдан сўнг тамомлаган) бўлган шахсларни ташкил этади.

Тўртинчидан, алоҳида ШНҚлар ва айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қурилиш соҳасини ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ривожланишнинг жорий босқичида ШНҚлар қурилишда нархларни бозор қиймати бўйича шаклланишига тўсқинлик қилмоқда ва уларда қурилиш ташкилотларининг рентабеллиги назарда тутилмаган, қурилиш ташкилотларининг тадбиркорлик субъектлари сифатида даромад топишларининг шаффоф механизмлари мавжуд эмас.

Шунингдек, қурилиш ташкилотларидан лойиҳа қийматининг 5% миқдорида кафолат суммаси ушлаб қолинади ва қурилиш якунланиб, объект фойдаланишга топширилгандан сўнг қайтарилади, бироқ ушбу сумма қурилиш ташкилотларининг амалдаги фойдасидан деярли икки баробар юқори.

Ўзининг молиявий ҳолатини ушлаб туриш мақсадида қурилиш ташкилотлари турли «ноқонуний йўллар»дан фойдаланишмоқда, сифатсиз ва арзон қурилиш молларидан фойдаланиб, малакасиз мутахассисларни жалб қилиб пулларни иқтисод қилишмоқда ва ҳ.к., бу ўз навбатида қонунбузулишларга олиб келмоқда.

Бешинчидан, қонунчиликда техник назорат ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларга талаб қўйилмаган, уларни ўқитиш, малакасини ошириш ва сертификат бериш тартиби мавжуд эмас. Амалда қурилиш соҳасига алоқадор бўлмаган шахслар ҳам техник назорат ва муаллифлик назоратини амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибалар ўрганилганда, аксарият ривожланган давлатларда қурилиш соҳасида бир неча маротаба ислоҳотлар ўтказилганлиги, натижада Еврокодлар (Германия, Буюк Британия, Франция, Финляндия, Туркия, Цингапур, Малайзия ва бошқа) ва ИБC (АҚШ, Гаити, Ямайка, Мексика, Грузия, БАА ва бошқа) каби халқаро стандартлар жорий этилганлиги, амалиётгда бинонинг 3Д модели яратиб, бино битгунига қадар кузатиб борувчи ВИМ-технологиялардан фойдаланилаётганлиги маълум бўлди.

Еврокод, IBC​ ва ШНҚларнинг фарқи шундаки халқаро стандартлар эришилиши лозим бўлган параметрларни белгилаб, ҳисоб-китоб қилиш тартибини кўрсатади, маҳаллий стандартлар эса мустаҳкамликдан бошлаб санитар ва ижтимоий стандартлар ҳамда қурилиш билан боғлиқ барча талабларни тўғридан-тўғри қатъий белгиловчи, уларга эришиш йўллари ва муҳандислик усулларни ўрнатади.

Еврокод ва IBC​лар янги технологиялар жорий этилишига мослашувчан ҳисобланади, ШНҚлар эса қатъий бўлиб ва янги технологиялар жорий этилишини инобатга олмайди.

Ўрганиш якунларига кўра Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Администрациясига кўриб чиқиш учун киритилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться