Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов жараёни иштирокчиларини сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари бўйича халқаро стандартлар билан таништириш
2018-10-11 | Сайлов
2018 йил 10-12 октябрь кунлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар координаторининг “Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш. 2-фаза” қўшма лойиҳаси доирасида “Халқаро стандартларга мос равишда сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайловлар бўйича маслаҳатчилари Стивен Мартин ва Ульви Ахундлу, Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходимлари, ҳудудлардаги сайлов комиссияларининг котиблари, тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тренингнинг асосий мақсади сайлов жараёнида очиқлик ва шаффофликни ривожлантириш, сайлов амалиётини демократлаштириш, сайлов ташкилотчилари, сайлов жараёни субъектларининг малака даражалари ҳамда сайловчиларнинг электорал маданиятини оширишга кўмаклашишдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш кенг қамровли ислоҳотлар шароитида, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани жадал ривожланаётган, жамият демократлашуви жараёнларининг чуқурлашаётган, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб бораётган, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари роли ошиб бораётган бир паллада амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Ушбу шароитда миллий сайлов тизимини такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида халқаро нормалар ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги тақидланган.
Ишлаб чиқилган Сайлов кодекси лойиҳаси сайлов қонунчилигининг барча нормаларини тизимлашган асосда бирлаштириш имконини берди. Уни қабул қилишдан мақсад сайлов қонунчилигининг барқарорлиги ва ички ҳам мувофиқлигини таъминлашдан иборатдир.
Сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган йўналиш изчиллигининг яна бир тасдиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрда имзоланган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳисобланади. Мазкур қарор сайлов қонунчилигини ривожлантириш, сайловларни либераллаштириш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг эркин ва мустақил хоҳиш билдириши учун шароит яратишга қаратилган.
Мазкур тадбир давомида сайловга оид халқаро стандартлар ва мажбуриятлар кенг муҳокама этилди. Шунингдек, семинар-тренинг доирасида Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини жорий қилиш ва фаолият юритиш масаласи бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Семинар-тренинг очиқ суҳбат тарзида ўтказилиб, иштирокчилар учун самарали бўлмоқда. Илғор халқаро тажрибага мос равишда демократик ислоҳотларнинг замонавий босқичида сайлов жараёнлари амалиётини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга кўмаклашади.
Манба: Марказий сайлов комиссияси