Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбeкистонда давлат молиясини бошқариш самарадорлигини халқаро баҳолаш – давлат бюджeт тизимини такомиллаштиришнинг муҳим пойдeвори
2018-09-21 | Иқтисодиёт
Давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш доирасида Жаҳон банки ва Молия вазирлиги томонидан 30,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги институционал салоҳиятни ошириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги № ПҚ–3917 «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикасида (PEFA/ПИФА) давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик методологияси меъзонлари асосида давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлигини баҳолашни ўтказиш чораларини кўриш топширилган.
Ўтказилган музокаралар натижасида бахолаш ўтказиш учун Жахон Банки ва Европа Иттифоқи делегацияси жорий йил 20 сентябрдан 5 октябрига қадар қўшма миссиясини Ўзбекистонга юборди.
Такидлаш жоизки ПИФА – мамлакат давлат молиясини бошқариш (ДМБ) тизими самарадорлиги даражасини акс эттирувчи диагностик механизм бўлиб, фидуциар кафолат инструментни, яъни инвестицияларни киритиш ва кредитлаштириш учун ишончли баҳо (Европа иттифоқи, Жаҳон банки ва бошқа ҳалқаро ташкилотлар учун), шунингдек ДМБнинг муносиб амалиёти бўйича маълумотнома ва мамлакат ичида ДМБ тизимининг самарадорлик динамикасини таққослаш учун хизмат қилади.
Баҳолаш (ПИФА), муайян муддат ичида эришиладиган натижалар суратини ўлчаш имконияти, ДМБ тизимини ислоҳ этишда туртки бўлиш, манфаатдор томонлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда халқаро эътироф каби афзалликларга эга.
2001 йилда ПEФА котибияти мазкур дастурни яратган ташкилотлар ва давлатлар ўртасида ДМБни баҳолашни уйғунлаштириш воситаси сифатида ўз ишини бошлаган. Ушбу ташкилот ва давлатларга Европа комиссияси, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки ташкилотлари ҳамда Франция, Норвегия, Швейцария ва Буюк Британия ҳукуматлари киради.
2005 йилги дастлабки баҳолашлардан буён ПEФА услубиёти билан баҳолаш 150 та мамлакатда 500 дан ортиқ марта амалга оширилган.
У Давлат молиясини бошқаришни баҳолашда тан олинган стандарт бўлди ва 40 мингдан ортиқ индивидул ишлаб чиқариш кўрсаткичларидан иборат йирик ҳажмдаги маълумотларни тўплади.
Бугунги кунда ПEФА 2016 ўз ичида, бюджет барқарорлиги, давлат молиясининг шаффофлиги, давлат активлари ва мажбуриятларини бошқариш сифатини, бюджет-солиқ стратегиясини ва иқтисодий сиёсат асосида бюджетлаштиришни, бюджет ижроси прогнози ва назоратини, ҳисоб ва ҳисобдорлик ҳамда ташқи аудит ва назоратни баҳоловчи, 7 та тамойиллар асосида 31 та давлат молиясини бошқаришнинг муҳим таркибий қисмлари бўйича 94 та баҳолаш меъзонларни жамлаган.
ПИФА баҳолашни сифатли ўтказиш мақсадида Ҳукумат томонидан миллий экспертлардан иборат ишчи гуруҳ тасдиқланган ҳамда жорий йилнинг 20 ва 21 сентябрь кунлари икки кунлик ПИФА методологиясини ўргатиш бўйича семинар-тренинг ўтказиш режалаштирилган.
Мазкур тренингда сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралардан иборат 65 га яқин миллий экспертлар иштирок этишади.
Молия вазирлиги мутахассислари томонидан баҳолаш натижаларига кўра узоқ муддатли Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш Стратегияси ишлаб чиқилиши таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги