Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2018-09-15 | Жамият
АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг иқтисод ва бизнес масалалари бўйича биринчи ўринбосари Брайян Макфитерс бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига доир музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашув чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатларда ижобий ўсиш кузатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15-17 май кунлари АҚШга расмий ташрифи ўзаро ҳамкорлик ривожига кучли туртки берди. Ташриф доирасида мамлакатларимиз ўртасида қиймати 4,8 миллиард долларга тенг 20 дан ортиқ шартнома имзолангани бунинг тасдиғидир.
Мулоқот чоғида меҳмонларга мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, энергетика тармоқларини ислоҳ этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
– Биз мамлакатларимиз ўртасида бошланган ҳамкорликнинг янги даврини юксак қадрлаймиз, – деди Брайян Макфитерс. – Очиғини айтганда, Ўзбекистон молия-иқтисод соҳасида амалга ошираётган салмоқли ишлари билан барчани лол қолдирмоқда. Жумладан, биз солиқ тизими ва хусусий сектордаги имтиёзлар жараёни, инвестиция соҳаларида яратилаётган улкан имкониятларни катта қизиқиш билан кузатмоқдамиз.
Ўзбекистон АҚШга муҳим савдо шерикларидан бири сифатида қарайди. Ушбу мамлакат корхоналари билан савдо, сармоя ва юқори технологиялар соҳаларида ўзаро манфаатли алоқалар кенгайиб бормоқда. “General Motors”, “General Electric”, “John Deere”, “Boeing”, “Honeywell”, “ExxonMobil”, “Coca-Cola” компаниялари билан ҳамкорлик бунга мисолдир.
Учрашувда томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги конструктив мулоқотни давом эттиришга қаратилган интилишни ғоят қадрлашини алоҳида таъкидладилар. Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида икки томонлама ҳамкорликка доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев билан музокара чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун музокаралар жараёнини қайта тиклаш, Марказий Осиёда минтақавий иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, жорий йил 15-19 октябрь кунлари юртимизда «АҚШ бизнес ҳафталиги»ни ўтказишга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳафталик мамлакатимизда илк бор ташкил этилмоқда. Унинг доирасида АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим кенгаши (ТИФА) мажлиси, Марказий Осиё савдо форуми ва Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми ўтказилиши кўзда тутилган. Марказий Осиё савдо форуми Ташқи савдо вазирлиги ва USAID ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Ушбу форум минтақавий савдони ривожлантириш ва Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган йиллик энг йирик тадбирлардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бўлиб ўтган мулоқотда делегация аъзоларига мамлакатимизда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, бизнесни, электрон тижоратни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ахборот технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди.
Меҳмонлар мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, АТ-таълим билан таништирилди. АКТ соҳасида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди. «Microsoft», «Cisco», «IBM», «Oracle» каби Америка компаниялари билан ҳамкорлик ҳақида сўз борди.
АҚШ делегацияси ташриф доирасида мамлакатимизнинг бошқа вазирликларида ҳам музокаралар ўтказди.