Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқ таълими вазирлиги Корея Республикасининг Таълим вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйди

2018-08-13 | Таълим

Молия ва Халқ таълими вазирликларининг идоралараро делегацияси жорий йилнинг 30 июлидан 6 августига қадар ишчи ташриф билан Корея Республикасида бўлиб қайтди. Делегация таркибига кирган вазирлик ва идоралар бўлинма бошлиқларига Халқ таълими вазири ўринбосари Атабек Назиров бошчилик қилди.

Сафардан кўзланган мақсад таълим тизимини бошқариш ва молиялаштириш бўйича дунёда энг ривожланган ва муваффақиятли давлатлардан бири бўлган Корея Республикасининг тажрибасини ўрганиш эди.  

Корея уруши тугагандан сўнг мамлакат таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш давлатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, айнан шу қарор замонавий Кореянинг иқтисодий муваффақиятида муҳим роль ўйнаган.       

Таълим тизимини молиялаштирилиш бўйича давлатнинг алоҳида Қонуни мавжуд бўлиб, у бюджет маблағларини ажратиш параметрларини тартибга солади. Шунингдек, таълим тизимини асосан мактаб, мактабгача ва кам миқдорда олий таълимни (университетларнинг 90% хусусий) молиялаштиришга қаратилган алоҳида солиқ тури мавжуд.

Шуни таъкидлаш керакки, Кореяда ўқитувчи касбининг мавқеи мансабдор шахс мақомига тенглаштирилган. Қолаверса, ўқитувчилар барқарор, яхши ва мунтазам равишда ошиб борувчи ойлик маошидан ташқари давлат мансабдор шахслари даражасида кўплаб имтиёзларга эга. Фақатгина таълим бўйича ҳудудий қўмита ўқитувчини ишга олиш ваколатига эга. Мактаб директори ўқитувчини ишдан бўшатиш ёки унинг ҳуқуқларини поймол этишга қаратилган бошқа таъсир ўтказиш ваколатига эга эмас.  

Таълим бошқарув тизими марказлашмаган ва демократлаштирилган бўлиб, Корея Таълим вазирлиги ўз ваколатларининг кўпгина қисмини хусусан, бюджетни режалаштириш ва таълим бошқаруви каби йўналишларда қарор қабул қилиш ваколатларини таълим бўйича ҳудудий қўмитага топширган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, демографик таркибий жиҳатдан давлатларимизнинг ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп.

Ташрифнинг илк куни делегацияни Корея Республикаси таълим вазири ўринбосари жаноб Ким Юнг Чул  қабул қилди. Учрашув давомида жаноб Юнг Чул Корея Республикасидаги таълим тизимининг ривожланиш тарихи, 1940 йиллардан бошлаб Корея таълим соҳаси ва умуман иқтисодий ривожланишда дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айлангунига қадар бўлган давр билан таништирди. Бундан ташқари учрашувда мактаб таълим тизими мутахассислари билан ўқитувчи ва директорларни танлаш методологияси, янги мактаблар қурилиши ва моддий-техник таъминотига оид масалалар муҳокама қилинди.

Биринчи кун якунларига кўра, мактаб таълими соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ходимларига масофадан туриб Корея Республикаси таълим вазирлиги томонидан эксперт кўмагини кўрсатиш ва маслаҳатлар бериб боришга келишилди.

Иккинчи кун делегация Тэгу шаҳар ҳудудий қўмитасининг Таълим бошқармаси бошлиғи Канг Ён Хе хоним билан учрашди. Делегацияни Жанубий Кореяда илғор саналган таълим қўмитасининг фаолияти билан таништиришди. Муҳокамалар жараёнида ҳудудий қўмита амалда таълим тизимини  тўлақонли назорат қилиши, яъни таълим сифати, ўқув дастури методикаси, ўқитувчиларни мактабларга тақсимлаш, мактабларга бюджет ажратишни қўмита назорат қилиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек,  ҳудуднинг иқтисодий ва демографик прогнозига кўра, янги мактаблар очиш қарори ҳам қўмита ваколатига киради.

Кун натижаларига кўра, яқин муносабатлар ўрнатиш, таълим тизимини ҳудудий даражада бошқариш соҳасида тажриба ва билимларни алмашиниш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, бошланғич мактаблар ўртасида ибратли мақомга эга Тэгу шаҳридаги “Донгшин” мактабига ташриф уюштирилди. Ҳар бир бола рўйхатга олинган микроҳудуди бўйича мактабга қабул қилиниши ҳақида айтиб ўтилди.

Учинчи куни делегация Таълим соҳасидаги тадқиқот ва ахборот технологиялари хизмати KERIS (Korea Education and Research Information Service)нинг директор ўринбосарлари жаноб Сангҳун Жанг ва жаноб Чо Сук-Юнлар билан учрашув ўтказилиб, улар вакилларимизни келажак таълими соҳасидаги сўнги ишланмалари билан таништирди. Шунингдек, янги технологик синфлар тақдимоти, мактабгача таълим учун мўлжалланган интерактив электрон дарслик ва роботлардан фойдаланиш усуллари намойиш этилди.

“NEIS” (National Education Information System) ва “EDUFINE” (Education Finance System) дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари делегация аъзолари билан семинар ўтказиб, унда мазкур дастурлар билан ишлаш, уларнинг мактаб, қўмита, вазирлик даражасида таълим тизимини бошқаришнинг умумий жараёнига таъсири бўйича масалалар батафсил муҳокама қилинди.

Маълумот учун, NEIS тизими ота-оналарга фарзанди ва ўқитувчилар фаолияти ҳақида кўпроқ маълумот олиш, шунингдек, ўқитувчиларга ҳисобот юритиш имконини беради. EDUFINE тизими молиявий оқимлар шаффофлигини таъминлайди. EDUFINE маълумотлар базаси давлатдаги барча мактаблар маълумотини ўз ичига олади ва ҳисоб палатаси ҳамда солиқ органлари билан интеграллашган ҳисобланади.

Кун натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимида бу каби IT инфратузилмани ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа маркази ва KERIS институти ўртасида яқин ҳамкорликни қайта тиклаш ва тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Тўртинчи куни делегация 1972 йилда ташкил этилган, Корея Республикаси Бош вазири ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш институти KEDI (Korea Educational Development Institute) президенти Бан Ки Хин билан учрашиб, институт фаолияти билан танишди. Институт фаолиятининг асосий йўналишлари – ходимларни (ўқитувчиларни) стратегик ўқитиш, таълим тизимини бошқариш бўйича тавсиялар, таълим тадбирлари ва сиёсатини ишлаб чиқиш, таълим соҳасидаги тадқиқот лойиҳалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширишдан иборат.  

Учрашув сўнгида KEDI президенти Ўзбекистонда шу каби марказни ташкил этишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Ташрифнинг бешинчи кунида SETI (Seoul Education Training Institute) Сеул ўқитувчилар малакасини ошириш институти ижрочи директори жаноб Жонг Ёнг Мун билан учрашиб, вакилларимиз нафақат ўқитувчилар учун, балки қўмита ва мактаб маъмурияти, ходимлари ва директорлари учун ҳам қайта тайёрлаш курсларини ўтишни таъминлайдиган институт фаолияти билан таништирилди.

Учрашув якунида SETI институти раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар малакасини ошириш учун дастурлар тайёрлашда ёрдам кўрсатиш ва ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

Делегация ташрифининг сўнгги, олтинчи кунида “Эксимбанк Кореа” лойиҳаси раҳбарлари ва KEFA савдо компаниясининг маслаҳатчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Расмий учрашувда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вакиллари иштирок этиб, унда Ўзбекистон Республикасидаги барча мактабларнинг компьютер синфларини ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш бўйича “Мактаб таълими тизимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Делегациянинг Корея Республикасига ташрифи якуни бўйича томонлар мактаб таълимини ҳудудий бошқариш соҳасини ўрганиш бўйича яқин ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш, шунингдек келгусида ўқитувчилар малакасини ошириш фаолиятини ўрганиш бўйича келишувга эришишди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться