Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲ журналистлари туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда
2018-08-13 | МДҲ
Тожикистон Республикаси пойтахтида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат ахборот агентликлари журналистлари учун иккинчи пресс-тур ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Арманистон ва Россия вакиллари иштирок этмоқда.
Анжумандан кўзланган мақсад МДҲ мамлакатларининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни оммалаштириш, юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаб олишдир.
Тадбирнинг очилишида Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппарати масъул вакили Адҳам Маъмурзода сўзга чиқиб, пресс-тур катнашчиларига муваффақият тилади. Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Нўъмон Абдуғаффорзода ва бошқалар мамлакатда ички ва хорижий туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Туризм истиқболлари, жумладан, сўнгги йилларда пайдо бўлаётган экологик, соғломлаштириш, саёҳат ва ов каби янги йўналишларни оммалаштириш юзасидан фикр алмашилди.
МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг туризмни ривожлантиришга оид фикр ва қарашлари бир-бирига ҳамоҳанг. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақда сўз юритар экан, туризм стратегик соҳа бўлиб, иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи локомотив эканини кўп таъкидлайди. Давлатимиз раҳбари айтганидек, туризм турмушни мазмунга бой қилишга хизмат қилади. Шу боис ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор бериш, туристлар учун барча шарт-шароитни яратиш лозим.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулазиз Аққулов мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, хорижий сайёҳларни кўпроқ жалб қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар, юртимизнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Тожикистон Республикасида ҳам туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Хорижий сайёҳларни мамлакатга кенгроқ жалб қилиш мақсадида божхона солиғи бўйича қатор имтиёзлар жорий этилган, янги ташкил қилинган сайёҳлик компаниялари, туристик хизмат марказлари, меҳмонхоналар, санаторийлар қўшимча қиймат солиғидан 5 йилга озод қилинган. 112 мамлакат фуқаролари учун енгиллаштирилган виза тизими жорий этилди.
Тожикистоннинг туризм борасидаги имкониятлари тўғрисидаги хабар ва маълумотлар интернет сайтларда тожик, рус, инглиз, немис, француз, испан, араб, япон ва хитой тилларида берилмоқда. Тарғибот-ташвиқот ишлари самараси ҳам кўзга яқол ташланиб турибди – шу йилнинг ўтган даврида Тожикистонга 135 давлатдан сайёҳлар келган.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ташаббуси билан 2018 йил мамлакатда Туризмни ривожлантириш ва халқ ҳунармадлиги йили, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан "Рангоранг" номли маданий-туристик фестиваль ўтказиш, баландлиги 7495 метр бўлган Исмоил Сомоний чўққисига чиқиш бўйича альпинистларнинг халқаро экспедициясини ташкил этиш анъанавий тус олди.
2018 йилда МДҲга Тожикистон Республикаси раислик қилмоқда. Шу боис жорий йилда Ҳамдўстликнинг ҳамкорлик дастурида кўзда тутилган барча тадбирлар Тожикистонда ўтказилмоқда.
Манба: ЎзА