Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари билан учрашув
2018-07-30 | Сиёсат
2018 йилнинг 27 июль куни АҚШда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Вашингтон шаҳрида АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Жон Салливан билан учрашди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга расмий ташрифи ва Президент Доналд Трамп ҳамда бошқа раҳбарлар билан ўтказган музокараларида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтайи назаридан Ўзбекистон – АҚШ кун тартибидаги айрим масалалар муҳокама қилинди.
Турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, кузда Ўзбекистонда АҚШ бизнес ҳафталигини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватланди.
Давлат котибининг биринчи ўринбосари АҚШ маъмурияти номидан Афғонистондаги тинчлик жараёни таъминлаш ва ушбу давлат халқини қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти