Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳоким ёшлар билан учрашди
2018-07-16 | Жамият
Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов ёшлар билан учрашди.
Унда мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида иштирок этган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг ижрочи директори Б.Баҳромбеков жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш каби муҳим вазифалар ҳақида маълумот берди.
– “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури мен каби минглаб ёшларга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратди, – дейди урганчлик ёш тадбиркор Мақсуда Мадримова. – Мен 3 йилдан буён қўзиқорин етиштириш билан шуғулланаман. Илгари ҳам банк кредитидан фойдаланганман. Аммо энг ками 14 фоизли кредит маблағини олиш учун гаров таъминотида қийналган эдим. Энди янги ташкил этилган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси 7 фоизли кредит, шунингдек, гаров таъминотининг тенг ярмини ўз кафиллигига олиши ёш тадбиркорлар учун зўр имкониятдир. Мисол учун, мен бугун ойига 10 миллион сўмдан даромад қилмоқдаман. Агар етти фоизли кредит олишга эришсам, ойлик даромадим 15 миллионга етади. Бу – мен яна камида уч тенгдошимни иш билан таъминлай олишимни билдиради.
Учрашув давомида жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган муаммолар ўрганилди.
– Бугун сизларнинг орангизда ташаббускор, яхши ғояларга эга истеъдодли ўғил-қизлар кўплигига яна бир бор амин бўлдим, – дейди Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов. – Ушбу Давлат дастури асосида вилоятимиз ёшлари учун 289 лойиҳага 43 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган. Амалга оширилган лойиҳалар натижасида 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилади. Биз истеъдодли ёшларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ушбу кредит маблағлари уларнинг қўлига ўз вақтида ва тўлиқ етиб бориши таъминланади. Энг муҳими, дастур ижросини таъминлаш жараёнида чет давлатларда ишлаб юрган ёшларимизни ҳам юртга қайтариб, уларнинг бандлигини таъминлашга эътибор қаратамиз. Бунинг учун биз барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланамиз.
Тадбир давомида ёшларнинг талаб ва истаклари, уларни қийнаётган муаммолар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди.
А. Шокиров, ЎзА
Манба: ЎзА