Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилингани муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди.
Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди идоралар, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар иштирок этди.
Институт директори В.Норов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов, БМТнинг мамлакатимиздаги дoимий мувофиқлаштирувчиси Х.Фрейзер ва бошқалар ушбу резолюция Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақадаги сиёсий муҳитни тубдан ўзгартириш, конструктив ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлашга замин яратишини алоҳида таъкидлади.
Минтақа давлатларининг барқарор ривожланиши ва хавфсизлиги билан боғлиқ кўплаб саволларнинг ечими бевосита Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳолати ва минтақавий ҳамкорлик самарадорлигига боғлиқ. Шу мақсадда Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган барча давлатлар билан ўзаро манфаатдорлик ва ҳурматга асосланган муносабатларни ривожлантириш учун қатъий ва аниқ қадамларни қўймоқда. Ўзбекистоннинг минтақа бўйича янги сиёсати бу ерда мавжуд ва йиғилиб қолган масалаларни ечишда ўз вақтида ва самарали ҳаракат бўлди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ушбу тарихий ҳужжатнинг лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бунда ҳар бир мамлакатнинг манфаати ҳисобга олинган. Шунингдек, 55 давлат бу резолюциянинг ҳаммуаллифи ҳисобланади.
Резолюция Марказий Осиё давлатларининг минтақада барқарор тараққиёт ва хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган барча ташаббусларини қамраб олган. Ҳужжатда минтақанинг асосий муаммолари бўйича Марказий Осиёдаги 5 давлатнинг умумий позициялари белгиланган бўлиб, экология, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, транспорт-коммуникация, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш каби глобал муаммоларга эътибор қаратилган. Резолюцияда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласи ҳам ўз аксини топган.
– Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, конструктив мулоқотни яхшилашда Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётгани қувонарли ҳол, – дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор. – Минтақада давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш нафақат Марказий Осиё, балки қўшни минтақаларнинг фаровонлиги ва барқарор ривожланишининг кафолатидир.
Нурилло Насриев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА