Андижонда “Профилактик тиббиёт: бугун ва эртага” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда профилактик тиббиёт соҳасида янги технологиялардан самарали фойдаланиш, сурункали ноинфекцион ҳамда юрак қон-томир касалликлари профилактикасида қўлланиладиган усулларни такомиллаштириш, турли хасталикларнинг хавфли омилларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди.
Анжуманда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимлар билими, маҳорат ва тажрибасини юксалтириш, касалликларни аниқлаш ва даволашда фан ютуқларидан, шунингдек, профилактик тиббиёт соҳасида янги технологиялардан самарали фойдаланиш, амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Бугун бутун дунёда профилактик тиббиёт соҳасида янги ва илғор технологиялардан фойдаланиш, бу борадаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш муҳим ва долзарб йўналишлардан ҳисобланади, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов. – Мазкур анжуман ана шу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, илғор иш услублари ва тажрибаларни оммалаштириш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Анжуман доирасида мамлакатимиз, шунингдек, юртимизда фаолият олиб бораётган хорижий тиббий ва фармацевтик компанияларнинг дори-дармонлари, жиҳоз ва воситалари кўргазмаси ташкил этилди.
Андижон давлат тиббиёт институти ва клиникасида турли мавзуларда маърузалар тингланди. Илғор тажрибаларни оммалаштириш, илмий-тадқиқот ишларини сифат жиҳатдан янада юқори даражага кўтариш, мутахассисларнинг билими, малака ва тажрибасини юксалтириш, хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликни, халқаро алоқаларни кенгайтириш, даволашда илғор ва янги технологияларни қўллаш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Анжуман доирасида Россия, Германия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидан ташриф буюрган олимлар мавзу доирасидаги маърузалари билан қатнашиб, маҳорат дарслари ўтказди.
– Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди россиялик олим, Москва вилояти илмий-тадқиқот институти эндоскопик хирургия бўлими раҳбари, профессор Александр Попов. – Юртингизда тиббиёт соҳасида таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббиёт профилатикаси соҳасида эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиш жоиз.
Анжуман доирасида Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида россиялик ва германиялик мутахассислар томонидан 20 га яқин жарроҳлик операциялари ўтказилиши белгиланган.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
Манба: ЎзА