Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек ипаги: янги ислоҳотлар давридаги муҳим вазифалар ижроси
2018-04-17 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда ипак қурти илк бор уч марта парваришланади. Апрель ойи пилла мавсуми, иккинчиси май, учинчиси август ойига мўлжалланмоқда.
Бу ҳақда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасида Халқаро пресс-клуб томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Олим Жумаевнинг маълумот беришича, биргина баҳорги мавсумда республикамиз бўйича жами 330 минг қути ипак қурти парваришланиб, 18 минг тонна пилла олиш режалаштирилган. Бунинг учун, энг аввало, озуқа базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилган. Хусусан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ипак қурти озуқасини ривожлантириш ва тутзорлар ташкил этиш мақсадида хатлов ўтказилиб, 43,9 миллион дона якка тут дарахти мавжудлиги ва тутзорлар майдони 43,4 минг гектар экани аниқланди. 2017 йилнинг кузи ва 2018 йилнинг баҳорида 30 миллион туп тут кўчати экилди. Шундан иқлим шароитига мос бўлган 13,3 миллион тупи интенсив усулда етиштириш мақсадида Хитойдан келтирилган.
2018 йилнинг биринчи чорагида пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 165 миллиард сўмлик саноат, 19,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари, 683,3 тонна табиий ипак, 1034 минг погон метр ипакли газлама ишлаб чиқарилди. 2017 йилда экспорт ҳажми 37,6 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чораги якунига кўра, 9,6 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
– Ўзбек ипакчилигида янги ислоҳотлар даври бошланганига амин бўлмоқдамиз, – дейди БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) вакили Ф.Алимжонов. – Ўтган йил охирида Австриянинг Вена шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистон – Европа» халқаро ипакчилик форумида халқаро ташкилотлар ҳамда ипакни қайта ишлаш ва дизайнерлик компаниялари билан мамлакатингиз ўртасида бир қанча битимлар имзоланган. Уларга мувофиқ шу йилнинг 9-13 апрель кунлари Бухоро шаҳрида халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда чет эл дипломатик корпус вакиллари, йирик инвесторлар билан ҳамкорликда «Осиё – Европа» ипакчилик форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистонда ипакчилик истиқболлари, эришилган натижалар, илғор тажрибалар ҳақида манфаатли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Бу борада Ўзбекистоннинг БМТ Халқаро ипакчилик комиссиясига аъзо бўлиб киргани яхши самара бермоқда.
Анжуманда уюшма ташкил қилингунга қадар тизимдаги пиллани қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан таъминлаш даражаси 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, хом ашё таъминоти 54 фоизга чиққани таъкидланди.
Манба: ЎзА