Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хўжа Илғорда Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишланган тадбир бошланди
2018-04-10 | Жамият
Буюк Соҳибқирон, давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги мамлакатимизда янги босқичда, халқчил руҳда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг ўзгача кўтаринкилик билан нишонланмоқда.
9 апрель тонги Амир Темур таваллуд топган қадимий ва гуллаб-яшнаётган қишлоқ – Хўжа Илғорда ҳар қачонгиданда файзли, шукуҳли бошланди.
Барча қишлоқнинг энг файзли ва тарихий гўшаси – буюк Соҳибқирон туғилиши билан боғлиқ қадимий қудуққа туташ майдон томон ошиқмоқда. Бу ерда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида Халқаро пресс-клубнинг “Хўжа илғор қайта кашф қилинган тарих – янги сайёҳлик йўналиши” мавзуида сайёр сессияси ташкил этилди.
Тадбир халқ сайли тусини олган. Кўклам таровати, ажиб ҳислар кезиб юрган яшил далалар қўйнидаги майдон саҳни безаклари барчага яхши кайфият улашмоқда. Саҳна атрофида миллий ҳунармандлик намуналари, халқ ўйинлари намойиши, этнографик чиқишлар, Амир Темур даврини эслатувчи уйғун композиция, ўтовлар хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотган.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур шахсига ҳурмат, Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврини қайтадан кашф қилиш, Амир Темур даврининг нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари давлатчилигида тутган ўрнининг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш, бу жиҳатларнинг ёшларимиз ҳаётидаги тарбиявий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, – дейди Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев. – Биз давлатимиз раҳбарининг бу ғоят муҳим аҳамиятли ташаббуси ва саъй-ҳаракатларидан илҳомланган ҳолда, Хўжа Илғор қишлоғида сайёр пресс-клуб сессияси ўтказмоқдамиз. Мақсадимиз сиёсий таҳликали, халқ мўғуллар истилосидан зулм чекаётган бир даврда дунёга келган ва озодлик учун курашиб, буюк давлатга асос солган бобомиз сиймосини қайта кашф қилиш, Хўжа Илғорда янги сайёҳлик манзилини яратиш.
Тадбир “O‘zbekiston-24” телеканали орқали намойиш этиб борилади. Дастлабки жонли эфир соат 10:15 да бўлиши режалаштирилган. Кун давомида Хўжа Илғор тантаналари бир неча бор жонли эфирда халқимиз ва халқаро миқёсда томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Тарихий тадбирда Амир Темур ҳазратларининг дунёга келгунича, туғилиш, болалик ва балоғат ёшидаги ҳаётидан, ватанини босқинчилар зулмидан озод этиш, давлатчилик асослари, мамлакат бошқарувидаги энг муҳим фалсафий жиҳатлар театрлаштирилган саҳналар орқали очиб берилади. Бобомиз туғилиб, вояга етган қишлоққа илк бор келиб турган хорижлик сайёҳлар, қашқадарёлик олимлар фикри жамоатчиликка етказилади.
Тадбир доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
Улуғбек Асроров, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА