Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзаро муносабатларда янги саҳифа очилмоқда

2018-04-05 | Жамият

Туркия Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа мамлакатимизнинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилишини бошлаб берган эди. 

Ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради. Халқларимизнинг дини ва тили бир, маданияти, урф-одатлари ўхшаш. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. 

Туркия турли соҳаларда ўрнак бўлса арзигулик даражада ривожланган, иқтисодий салоҳиятига кўра, жаҳондаги катта йигирматаликка кирувчи давлатлардан бири. Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28 фоиз, қишлоқ хўжалиги – 15, қурилиш – 6, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Саноат ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга. Бутун мамлакат бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Тўқимачилик, кончилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика тармоқлари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш кенг ривожланган. Айниқса, туризм изчил ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. 

Туркиянинг ушбу соҳалардаги ютуқларини ўрганиш, иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу давлатнинг илғор тажрибаларидан фойданиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга турк тадбиркорлари ва компаниялари сармояларини жалб қилиш мамлакатимиз манфаатларига тўла мос келади. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Туркиянинг минтақамиздаги ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз бугунги кунда Анқаранинг Марказий Осиёдаги асосий шерикларидан биридир. Ўзбекистоннинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари ва муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу ўзаро муносабатлар истиқболли эканидан далолатдир. 

Ўзбекистон – Туркия муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда ва ижобий ўсиш тенденцияси ҳамкорликнинг барча соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми 29 фоиз ошди. Ўтган йилнинг ўзида юртимизда турк ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компания ваколатхоналари аккредитациядан ўтказилди. Шу рақамларнинг ўзиёқ Ўзбекистон – Туркия муносабатларида нечоғли улкан салоҳият борлигини намоён этади. 

Сўнгги йилларда мамлакатларимиз муносабатларида янги саҳифа очилди. Буни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида бўлиб ўтган қатор учрашувлар яққол тасдиқлайди. Хусусан, Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йил ноябрь ойида Самарқандга ташрифи, 2017 йил май ойида Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форумида, сентябрь ойи бошида Остона шаҳрида ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити ҳамда 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида икки давлат раҳбарлари учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида фикрлашиб олдилар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи ана шу мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ташриф асносида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Самарали кечган музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улар орасида Президентлар томонидан имзоланган Қўшма баёнот алоҳида ўрин тутади. 

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида икки мамлакатнинг парламентлараро алоқаларига ҳам эътибор қаратди. Туркия Буюк миллат мажлисига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати шакллари бўйича ўзаро тажриба алмашиши масалаларига алоҳида урғу берди.

Президентимизнинг ташрифи доирасида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари учрашувида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмалари қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ҳамда агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 30 дан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзолангани икки томонлама иқтисодий муносабатларга янги суръат бахш этди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини алоҳида таъкидлади. 

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга режалаштирилаётган ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юқори поғонага олиб чиқишга ва ўзаро ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб беришга хизмат қилади. Имзоланиши кутилаётган ҳужжатлар ва келишувлар қардош халқларимиз дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаши шубҳасиз. 
 

Баҳром Сотиболдиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи.

Манба: ЎзА

Поделиться