Маълумки, Қозоғистон Республикаси 2018 йилни мамлакатда Ўзбекистон йили деб эълон қилган. Бу қозоқ эли ва Қозоғистон давлатининг ўзбек халқига, мамлакатимизга ҳурмати, эҳтироми рамзидир.
Шу муносабат билан “Остона опера” театрида ташкил этилган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Президентлари ва Марказий Осиё давлатлари делегациялари аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, хорижлик фахрий меҳмонлар иштирок этди.
Маросимда Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев нутқ сўзладилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари мазкур йирик тадбир икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнашини таъкидладилар.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни биринчи даражали “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.
Ўзбек санъат усталарининг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, фестиваллар ўтказиш, Қозоғистон маданият аҳлининг Ўзбекистонда ташрифларини амалга оширилиши мўлжалланган.
Манба: ЎзА