Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда "Nurli kelajak Expo – 2018" кўргазмаси очилди

2018-03-14 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этган тадбирда соҳа мутасаддилари, мутахассислар, тизим учун озиқ-овқат маҳсулотлари, мебель, дидактик ўйин ва ўйинчоқлар, спорт ва тиббиёт анжомлари, мусиқа асбоблари, ошхона жиҳозлари, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.

"Nurli kelajak Expo – 2018" кўргазмасидан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналардан тўғридан-тўғри харид этишни йўлга қўйиш ҳамда ўйин ва ўйинчоқлар, мебель ва бошқа жиҳозларнинг сифати, шакли, дизайни, қулайлиги, замонавийлиги ва хавфсизлигини мукаммал ўрганишдан иборатдир. Кўргазма давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.

"Ўзэкспо" маркази павильонларида 300 га яқин корхона ва фирма, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти яратилган. 
 
Жорий йилнинг 1 февралидан Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим масканларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр овқат етказиб бериш бўйича тажриба шаклида туман мактабгача таълим бўлимлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор, Сергели, Чилонзор туманларида кетринг усулида овқатлантириш йўлга қўйилди. Шу тажрибага кўра бошқа ҳудудлардаги боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
 
Қашқадарё вилоятидаги "Саитов Бекзод" хусусий корхонаси Шаҳрисабз шаҳридаги қирқдан ортиқ боғчага сут маҳсулотлари етказиб беради. Уларнинг сифати, хавфсизлигини таъминлашда, хуштаъмлигини сақлашда муҳандис-технолог, санитария-эпидемиология соҳаси вакилларининг ҳиссаси катта. Шу сабабли цехларда тайёрланган творог, йогурт, кефир, пишлоқ, пастеризацияланган сут маҳсулотларини кичкинтойлар маза қилиб тановул этади. 

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги "Жиззах ёнғоқзорлари" фермер хўжалигининг маҳсулотлари ғоят ранг-баранг. 
 
– Илгари фақат шифохона учун озиқ-овқат масҳулотлари етиштирган бўлсак, энди болалар боғчалари учун ҳам сархил мева-сабзавотлар, биринчи тоифали қорамол гўшти тайёрлашни режалаштирганмиз, – дейди хўжалик раҳбари Темур Абдувалиев. –Махсус сунъий ҳавзада балиқчилик йўлга қўйилди. Барча маҳсулотларнинг сифати доимий назоратда.
 
Мактабгача таълим тизимида халқаро алоқалар ривожлантирилиб, илғор тажриба ўрганилмоқда. Бу борада Жанубий Корея мутахассислари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўргазмада Жанубий Кореянинг болани интеллектуал ривожлантиришга оид ўйинчоқлар тайёрлашга ихтисослашган "Mega Education" компанияси, болалар учун экологик хавфсиз ва қулай мебеллар ишлаб чиқарувчи "Parangsae" компанияси, "Dream Kindergarten" хусусий боғчаси фаолияти билан танишиш мумкин.

– Бу кўргазма боғчалар фаолияти, болаларнинг соғлом овқатланиши, баркамол шахс бўлиб вояга етиши, дам олиши, ривожланиши учун зарур барча жиҳатларни ўзида қамрагани билан кўпчиликка манзур бўлмоқда, – дейди Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 38-мактабгача таълим муассасаси мудираси Мухтабар Муҳсинова. – Ишлаб чиқарувчилар тарбиячи-педагоглар, таълим жамоатчилигининг фикри, таклифларини инобатга олаётгани соҳада ижобий ўзгаришларга олиб келишга имкон беради.
Ушбу кўргазма мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларини овқатлантиришни ташкил этишда шаффоф, марказлаштирилган таъминот тизимини яратиш, етказиб берувчиларнинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида ва нарх сиёсатига риоя этган ҳолда харид қилиш тизимини йўлга қўйишда алоҳида аҳамият касб этади.
Икки кунлик тадбир доирасида Ўзбекистон ошпазлар уюшмасидан болалар учун парҳез таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилмоқда.
 
Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться