Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро валюта фонди миссияси солиқ ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашмоқда
2018-03-03 | Иқтисодиёт
Самарали ташкил қилинган солиқ тизими бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиши, инвестицияларни жалб қилиниши ва мамлакат иқтисодиётини ўсишининг муҳим омилларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида, хусусан, солиқ юкини камайтириш, солиққа тортиш базасини кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, узоқ давр мобайнида, шу жумладан инвесторлар учун, аниқ ва тушунарли бўлган солиқ тизимини яратиш зарурлиги таъкидланган эди.
Мурожаат давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бугунги кунгача олиб борилган солиқ сиёсати танқид остига олиниб, натижада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорида илғор хориж тажрибасини инобатга олган холда, шу жумладан бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш Концециясини ишлаб чиқиш зарурлиги белгилаб қўйилди.
Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 февралдаги Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган, солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармойишида яна бир бор алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан республика солиқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш доирасида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан республика солиқ тизимини ислоҳ қилишда кўмаклашиш мақсадида Халқаро валюта фондининг экспертлари таклиф қилинди.
Мазкур тадбир мустақиллик йиллари давомидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Халқаро валюта фондининг фискал масалалар бўйича Департаменти ўртасида солиқ сиёсати соҳасидаги илк ҳамкорликдир.
ХВФ миссияси Солиқ масалалари бўйича Департамент мутахассислари, жумладан, миссия раҳбари Департаментнинг катта иқтисодчиси Хертен Михелсе, ХВФнинг солиқ сиёсати бўйича катта иқтисодчилари Жан-Франсуа Вен, Рассел Крелове ва Нарине Нерсесянлардан ташкил топган.
Ўтган 10 кун давомида миссия томонидан Ўзбекистон Республикаси солиқ тизими ўрганилиб, тизимни янада такомиллаштириш бўйича дастлабки тавсиялар ишлаб чиқилди.
Миссия якунида Халқаро валюта фондининг мутахассислари томонидан 2018 йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ходимлари ва палатанинг аъзо-тадбиркорлари, шунингдек, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари учун семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси солиқ тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида экспертлар умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчилар сонини улар томонидан амалга ошириладиган иш манбаиданкелиб чиқиб чегаравий миқдорларни белгилаш йўли орқали ошириш зарур, деб ҳисобладилар. Бунда экспертлар томонидан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтиш учун чегаравий миқдорлар юзасидан турли таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, экспертлар «кичик корхона» мақомини корхона даромадини инобатга олмасдан фақатгина ишчилар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши корхоналарнинг ривожланиши ва кенгайишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирдилар.
Шунингдек, экспертлар томонидан ҚҚС ставкасининг 20 фоиз миқдори Ғарбий Эвропа мамлакатларидаги ҚҚС ставкаси миқдорига тенг эканлиги, бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш даражасига мутаносиб эмаслиги таъкидланди.
Бундан ташқари, солиқ юкининг йирик ва кичик корхоналар ўртасида тенг тақсимланмаганига, яъни кичик корхоналар томонидан солиқлар йирик корхоналарга нисбатан жуда ҳам кам миқдорда тўланишига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай жараён кичик корхоналар бизнесини кенгайтириш ва умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтиш учун рағбатлантирмаслиги айтилди.
Йирик корхоналардаги солиқ юкининг юқорилиги «адолатли бозор иқтисодиёти» тамойилларига зид равишда оборотдан (давлат мақсадли жамғармаларига оборотдан 3,2 фоиз миқдорда мажбурий ажратмалар) ундириладиган солиқлар мавжудлиги ҳамда мулк солиғи ставкасининг юқорилиги билан белгиланади. Солиқлар ва мажбурий тўловлар сонининг кўплигига ҳамда уларни бекор қилиш ёки бошқа солиқ турлари билан бирлаштириш юзасидан танқидий кўриб чиқилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Экспертлар актсиз солиғи турларининг кўплиги ва актсизости товарлар ставкалари уларни импорт қилишда ва ички ишлаб чиқаришда турлича экани Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши учун жиддий тўсиқ, деб ҳисоблайдилар.
Семинар якунида Халқаро валюта фонди мутахассислари ислоҳотларни жорий, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ислоҳотларга ажратиш зарурлигини айтиб ўтдилар. Бунда, миссия раҳбари жаноб Хертен Михелсе таъкидлаганидек, солиқ тизими ислоҳотлари солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, жумладан, солиққатортиш объектлари ва солиққа тортиш базасини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилинишини назарда тутувчи ислоҳотлар билан ўзаро боғлиқликда амалга оширилиши лозим.
Семинар иштирокчилари томонидан амалдаги солиқ тизими ва уни янада такомиллаштиришнинг кейинги босқичларига оид масалалар фаол муҳокама қилинди ҳамда халқаро тажрибанинг қўлланиши ва хориж мамлакатларидаги солиқ ислоҳотлари бўйича саволларга атрофлича жавоблар олинди.
Шунингдек, халқаро миссия амалга оширилган ўрганиш ва таҳлиллар асосида Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўзида мужассам қилган ҳисоботни 30 кун ичида тақдим этишини маълум қилди. Мазкур ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлининг интернет сайтига жойлаштирилади ва муҳокамалар учун очиқ бўлади.
ХВФ солиқ ислоҳотларини амалга ошириш бўйича миссияси билан ўтказилган семинар бўйича тақдимот материаллари билан қуйидаги ҳавола орқали танишингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги