Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Касб-ҳунар таълими: инновацион ривожланиш йўлида

2018-02-12 | Таълим

Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар таълим соҳасига инновацион ғояларни тарғиб этмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада бир қатор амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Ўзбекистон таълим тизими янги тараққиёт йўлига қадам қўйди. Президентимиз раислигида 2017 йилнинг ўзида таълим соҳасига бағишлаб 4 марта йиғилиш ўтказилди. Уларда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга ошириш зарурати асослаб берилди, янги истиқболли йўналишлар бўйича вазифалар белгиланди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу фармон мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори Муродулло Холмуҳаммедов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди: 

– Мамлакатимизда ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари асосида 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизими жорий этилди. Бу ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Навбатдаги яна бир ғоят муҳим масала – ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, тизимга янги инновацион ғоялар жорий этиш эди. Бу масала Президентимизнинг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ўз ечимини топмоқда. Тўғри, мазкур тизимда ютуқларимиз бор, шу билан бирга, камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолган эди. Булар нималарда намоён бўлади? 

Айрим коллежлар аҳоли яшаш жойларидан узоқда бўлиб, бу кўп ҳолларда ўқувчиларнинг машғулотларга қатнашмаслигига сабаб бўлаётганди. Касб-ҳунар коллежлари моддий-техник базаси талаб даражасида эмас, дарслик ва ўқув қўлланмалари ҳам етишмасди. Касб-ҳунар коллежларида кадрлар тайёрлаш тизими муаммолари ҳудудлардаги иқтисодий тармоқларнинг реал эҳтиёжидан ортда қолаётганида кўзга ташланди. 

Маълумки, шу пайтга қадар касб-ҳунар коллежларида барча касблар 3 йил мобайнида ўқитиб келинган. 

Эндиликда коллежлар вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга бириктирилиши белгилаб қўйилди. 

Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежларининг келажакдаги қиёфаси ҳақида гапиришдан аввал бир пайтлар иқтисодиёти у қадар ривожланмаган мамлакатдан қисқа вақт ичида юқори технологиялар мамлакатига айланган, ушбу соҳада "катта сакраш"ни амалга оширган Жанубий Корея, Финляндия ва Сингапур давлатлари таълим сиёсатини эсга олиш ўринли. Бу мамлакатлар бундай ютуққа ўз таълим тизимига тўғри ўзгартишлар киритгани, тизимда тўғри сиёсат олиб боргани учун эриша олди. Ўқитувчиликка истеъдодли кадрларни жалб қилиш мақсадида уларнинг маоши ва обрўсини кескин оширган эди. 

Таълим борасида энг илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, амалиётда қўллашни режалаштирган Ўзбекистон ҳам мана шундай тезкор ривожланиш йўлини танламоқда. 

Ҳар бир тайёрлов йўналиши бўйича ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади, миллий квалификацион рамкалар белгиланади ва касбга оид стандартлар жорий этилади. Профессионал стандарт маъноси шуки, дейлик, битта иш ўрни ишчидан қандай малака ва кўникма талаб қилади, ушбу ҳолат ўрганилиб, шу асосда модулли ўқув режалари пайдо бўлади. Таълим жараёни эса доимий равишда такомиллаштириб борилади. Бундан мақсад – касб-ҳунар таълими тизимини иқтисодиёт ривожланишининг муҳим компонентига айлантириш. Яъни юқори малакали ишчи, касб эгалари, иқтисодиётнинг ўрта бўғини мутахассислари тайёрланади. 

Айни пайтда коллежлар фақат 9-синф битирувчиларини қабул қилган бўлса, эндиликда бундай стандартлардан воз кечилмоқда. Мисол учун. Фуқаро ўз касбини ўзгартиришни ният қилди. Дейлик, у ўзи яшайдиган ҳудудда янги қурилган тўқимачилик фабрикасига ишга кириш учун касб-ҳунар ўрганмоқчи. Бироқ, бундай ниятда бўлганларга кескин "йўқ" жавоби берилган. Соғлиғи тўғри келмагани сабабли бошқа касбни эгалламоқчи бўлган фуқаролар ҳам худди шундай муаммога дуч келган. 

Эндиликда эса коллежларда нафақат мактаб битирувчилари, бунга қадар ҳам ўрта махсус маълумот олган, олий маълумотга эга бўлган, ишсиз қолиш хавфи остида қолган ихтиёрий ёшдаги фуқаролар ҳам таҳсил олишлари мумкин бўлади. 

Ҳозиргача коллежлар фақат кундузги таълим шаклига эга эди. Келгусида коллежларда кундузгидан ташқари сиртқи, масофавий ва уйғунлаштирилган таълим йўналишлари йўлга қўйилади. 

Шунингдек, ўқиш муддати 3 йил ва мажбурий бўлган бўлса, энди касбларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, 6 ойдан 2 йилгача муддатда ихтиёрий этиб белгиланди. Яъни эҳтиёж бўлдими, келиб ўқиш имконияти яратилди. 

Юқори технологик тайёргарлик талаб қиладиган 6 ойдан 1 йилгача бўлган касбий таълим дастурлари буюртмачи иш берувчи корхоналар, идора ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Буюртмачиси бўлмаган шахслар ўзларининг шахсий жамғармалари ҳисобидан тўловни амалга ошириши мумкин. 1,5 – 2 йиллик мутахассисликни эгаллаш бўйича ўрта махсус ўрта бўғин таълим дастурлари олий таълимга муқобиллик асосида бир қисми грант, бир қисми контракт ҳисобидан амалга оширилади. 

Иқтисодий жиҳатдан барқарор вазирлик, идора ва корпорациялар, йирик иш берувчилар ўз акциядорлари, ички имкониятлари доирасида ўқувчилар учун қўшимча стипендия ва шу каби қўллаб-қувватлашни амалга ошириши мумкин. 

Президентимизнинг юқорида зикр этилган фармонида кам таъминланган оилалардан ўқувчилар касб-ҳунар (кўп тармоқли) коллежларида, уларнинг идоравий мансублигидан қатъий назар, бепул асосда ўқитилиши белгиланган. Касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни, уларнинг эгаллаган касби бўйича, ҳудудларда камида уч йил ишлаб бериш учун ишга юбориш тартиби ўрнатилади. 

Мухтасар айтганда, касб-ҳунар таълими тизимидаги бу ўзгаришлар мамлакатимиз иқтисодиётини, барча соҳаларни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. 
 

Улуғбек Асроров ёзиб олди.

Манба: ЎзА

Поделиться