Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги ошмоқда
2015-04-25 | Жамият
Пойтахтимизда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга бағишланган анъанавий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоат ва давлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ҳамда таълим муассасалари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, мазкур институт таъсисчилари кенгаши аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Ғ.Абдукаримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти таъсисчилар кенгаши раиси А.Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қуввватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар ўтган даврда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ва унинг институтларини мустаҳкамлаш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилганини таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу жараёнда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Масалан, Концепцияга мувофиқ 2014 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан, тармоқларга оид ва ҳудудий дастурларни, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигининг шакл ва механизмлари белгиланган, мазкур жараёнда томонларнинг асосий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2013 йил 12 декабрдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорининг қабул қилиниши ўтган йили муҳим воқеа бўлди. Бу борада амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 2014 йил давомида адлия органлари томонидан рўйхатга олинган ННТлар сони кўпайди ва бугунги кунда улар 8,1 мингдан ошди. Уларнинг аксарияти «Соғлом бола йили» Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этишда иштирок этди.
– Ўзбекистон парламенти томонидан қабул қилинган Концепция мамлакатда фуқаролик жамиятини жадал ривожлантириш имконини бермоқда, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Дьердь Сабо. – Президент Ислом Каримов ўз маърузаларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг самарали фаолият юритиши учун янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш, уларни муҳим давлат дастурларини амалга оширишга фаол жалб этиш зарурлиги хусусида кўп таъкидлаши эътиборга лойиқдир.
Конференцияда аҳолининг фуқаролик онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданият даражасини ошириш, фуқароларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни, уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини англаш, Ватан тақдири, мамлакатимиз ва дунёда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларига эътибор қаратилди.
Ҳуқуқий тарғибот, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтириш борасидаги ишлар давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштирмоқда.
Конференцияда оммавий ахборот воситалари мустақиллигини мустаҳкамлаш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнида уларнинг ролига оид масалалар муҳокама қилинди. Ўтган йилнинг май ойида кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга йўналтирилган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Ушбу қонунчилик ҳужжати фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти органлари тўғрисидаги ахборотдан кенг ва эркин фойдаланиш, улар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ ҳамда амалий мулоқотда оммавий ахбороот воситаларининг ролини кучайтиришга хизмат қилаётир.
– Ўзбекистонда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, – деди «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилотининг (Словения) Ўзбекистондаги минтақавий директори Мьюша Север. – Ушбу ҳужжатлар хорижий экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кучли қонунчилик базаси фуқаролик жамияти институтларига турли масалаларни ҳал этишда давлат органлари билан яқин ҳамкорлик қилиш имконини бермоқда.
Конференция иштирокчиларига оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва рағбатлантирилаётгани самарасида уларнинг сони ва сифати ошиб бораётгани ҳақида сўзлаб берилди. 2015 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида 1,4 мингга яқин оммавий ахборот воситалари, жумладан, 970 дан зиёд босма ва 100 электрон нашр рўйхатдан ўтган. 1991 йилги кўрсаткич билан таққослаганда, мамлакатимизда фаолият юритаётган ОАВ сони 3,5 марта марта ошган. 53,4 фоиз босма оммавий ахборот воситаларининг муассислари нодавлат ташкилотлардир.
Телеканаллар тармоғи изчил кенгайиб бораётир. Сўнгги йилларда «Маҳалла», «Дунё буйлаб», «Маданият ва маърифат», «Оилавий», «Диёр», «Кинотеатр», «Болажон», «Uzreport TV» каби янги телеканаллар очилди. Ўтган йили янги «Менинг юртим» – «MY5» телеканали тест режимида эфирга узатила бошланди. Мазкур телеканаллар фаолияти ёшларни бунёдкорлик, яратувчилик руҳида тарбиялаш, уларда фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга қаратилган. 29 фоиз теле ва радиоканалларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари муассислик қилмоқда, 67 фоизининг муассиси эса нодавлат ташкилотларидир.
Оммавий ахборот воситалари сифатида рўйхатдан ўтказилган интернет ресурслари ҳам сезиларли ўсиб бормоқда. Сўнгги беш йилда уларнинг сони 2 баробардан кўпроқ ортди. Хусусан, шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, интернет оммавий ахборот воситалари 304 тани ташкил этди. Шундан 95 фоиздан ортиғи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир.
Конференция иштирокчилари ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг жойларда аҳолини безовта қилаётган долзарб масалаларни аниқлаш ва ёритиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли сезиларли ошганини таъкидлади. Уларнинг фаолиятини ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, 2014 йилда ОАВда маҳаллий давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир долзарб масалаларни ҳал қилиш борасидаги фаолияти холисона танқид қилинган ахборот-таҳлил материаллари кўпайгани кузатилди.
Конференция иштирокчилари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантиришда демократик жараёнларни кучайтириш масаласини ҳам муҳокама қилди. Шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимизда 9787 фуқаролар йиғини фаолият юритаётгани қайд этилди. Ўтган йили фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш фаолиятини тартибга соладиган қонунчиликка янги қоидалар киритилди.
Қонунчилик базасининг мустаҳкамлангани фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича ваколатларидан фойдаланиш амалиётини янада кенгайтирди. Жумладан, 2014 йилнинг ҳар чорагида туман ва шаҳар ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти масалаларига доир ҳисоботлари тингланди. Бу ижро ҳокимияти органлари ва фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органлари фаолияти хусусида хабардорлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий даражадаги вазифаларни ўз вақтида бажаришга хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Конференция қатнашчилари Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида юксак самараларга эришганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда конференция дастуридан ўрин олган масалалар бўйича очиқ ва амалий фикр алмашилди. Конференция якунида мамлакатни модернизация қилиш ва демократик янгилашда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Манба: ЎзА