Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ қаерда бўлса, адлия идораси шу ерда бўлади
2018-01-30 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида соҳада бундан буён замон талаблари асосида фаолият юритишга эътибор қаратилди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда адлия вазири Русланбек Давлетов халқ қаерда бўлса, адлия идораси шу ерда бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда адлия органлари ва муассасаларининг барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимлари қатнашди.
Адлияни аҳоли билан тўғридан-тўғри, очиқ мулоқот юритадиган, халқнинг дарду ташвишларини ўйлаб, ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга самарали ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи давлат органига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юридик хизмат, қонун ҳужжатларини етказиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Давлат ва жамият ҳаётининг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган 155 қонун ҳужжати, жумладан, 32 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган лойиҳалар сони ҳам икки баравар ошган.
Адлия тизимининг аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилди. Телеграм тармоғидаги "Ҳуқуқий ахборот" канали аъзолари сони 50 мингдан ошди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Бекобод шаҳрида тўй маросимларини тартибга солиш бўйича “Бекобод намунаси” яратилди. Шунингдек, нотариат тизимидаги сансоларликка чек қўйиш мақсадида нотариусларнинг маҳаллаларда фуқароларни қабул қилиши ва нотариал ҳаракатларни ўша жойнинг ўзида бажариш тизими йўлга қўйилиб, 5 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат амалга оширилди.
Ҳайъат мажлисида мавжуд хато ва камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ишларини ташкил қилишда айрим муаммолар, жиддий камчиликлар кўзга ташланаётганлиги қайд этилди.
Давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан фуқаролар билан ишлашда ҳанузгача қўпол муомалада бўлиш, уларни сарсон қилиш, кўрсатилган хизматлар учун ортиқча пул маблағлари ундирилиши муроса қилиб бўлмайдиган ҳолатлардир. Бундай камчиликларга йўл қўйганлиги учун 229 нафар нотариат ва 73 нафар ФҲДЁ ходимларига нисбатан кескин чоралар кўрилган. 50 дан ортиқ ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Мажлисда нотариат аҳолидан энг кўп эътироз тушаётган соҳа экани таъкидланди. Нотариал идораларда ўтказилаётган рейдларда нотариусларнинг ишга сурункали равишда кеч келиши маълум бўлмоқда. Бу фуқароларнинг узоқ кутиб қолиши, иши вақтида битмаслигига ва табиийки, норозилигига сабаб бўлган.
Айрим адлия органларида нотариус ахборот тизимлари талаб даражасида юритилмаган. Тақиқ олиб ташланган ҳолатлар тизимга вақтида киритилмаган. Бу фуқароларнинг мулкини эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилади.
Мамлакатимизда бугунги кунда 704 нотариус фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз ишини ўз вақтида виждонан адо этяптими? Текширишлар шуни кўрсатдики, уларнинг айримлари ўзлари учун қоидалар яратиб, ихтисослашиб олган. Бири фақат мерос, яна бири фақат гаров билан боғлиқ ҳаракатларни расмийлаштирган. Кўпчилиги ипотека кредитига оид шартномани тасдиқлашни асоссиз равишда рад этмоқда. Аммо бунга уларнинг мутлақо ҳаққи йўқ. Нотариус давлат нотариал идорасига келган фуқарога бир хил ёндашув асосида бир хил хизмат кўрсатиши керак.
Мажлисда фуқароларга хизмат кўрсатишда қўйилаётган талабларни бажармайдиган, яъни ҳалол ишламайдиган ходимларга мажбурийлик принципи қўлланилиши айтилди.
Судлар томонидан бекор қилинган нотариал ҳаракатлар оғриқли муаммо эканига эътибор қаратилди. Бу борада адлия бошқармалари томонидан тақдим этилган ҳисоботда 17 нотариал ҳаракат бекор қилингани қайд этилган. Лекин Олий суддан сўраб олинган маълумотда бу кўрсаткич 131 экани аён бўлган.
Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларнинг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбирини ўтказиш йўлга қўйилган. Бунда вазирлик ходими нотариус, ФҲДЁ идораси ёки давлат хизматлари кўрсатиш марказига мижоз сифатида боради. Улардан бирор хизмат кўрсатишни сўрайди. Бундан бехабар ходим эса...
“Сирли мижоз” Янгийўл тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига янги корхона ташкил этиш истагида борган. Масъул ходим эса мижозга 400 минг сўм олиб келсангиз, ишингиз битади, деб айтган ва унинг қўлига ташриф қоғозини тутқазган.
Урганч тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига хорижий корхона очиш истагида борган “сирли мижоз” қўлига ўз кучини йўқотган ҳукумат қарори тутқазилган.
Ана шундай хуфиёна ўрганиш натижасида қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган 17 ходим ишдан бўшатилган.
Мажлисда бундай ҳолатларга асло тоқат қилиб бўлмаслиги, уларга барҳам бериш борасида барча чоралар кўрилиши қайд этилди.
ФҲДЁ органлари томонидан олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилди. Бу борада 232 орган аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Лекин улар олдига қўйилаётган энг долзарб вазифаларга совуққонлик билан қараётир. Шу билан бирга, ФҲДЁ органларининг жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликдаги ишлари, жумладан, эрта никоҳ ва оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти натижа бермаётир.
Ҳозир 58 миллион далолатнома ёзуви мавжуд бўлиб, уларнинг электрон архиви яратилмоқда. Бу фуқароларга яратилаётан катта қулайлик бўлиб, зарур ҳужжатни тез ва осон топиш имкониятини яратади.
Жамият тараққиётига, фуқаролар мунфаатларига путур етказувчи коррупциядек иллатдан қутилиш учун адлия тизимида янгича ёндашув асосидаги амалиёт жорий этилади. Вазирлик томонидан “хавфли гуруҳ” деб номланган очиқ база шакллантирилиши, унга хато ва камчиликларга йўл қўяётган, устидан аҳоли шикоят йўллаётган, ижтимоий тармоқларда танқидга учраётган, фуқароларнинг мурожаатларига бефарқ қараётган ходимлар киритилади. Бу база, таъбир жоиз бўлса, катта чуқурлик. Ундан чиқишни эплай олмаганлар адлия ходими бўлмайди. Бундан буён соҳада халққа фидойилик билан ҳалол хизмат қиладиганларгина фаолиятини давом эттиради.
Адлиянинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлган ҳуқуқий тарғиботда ҳамон самарасиз усуллардан фойдаланилаётгани танқид қилинди. Бу борада ёлғон ҳисобот ва қоғозбозликларга чек қўйиш вақти келгани алоҳида таъкидланди.
Юқорида қайд этилган салбий ҳолатларни бартараф этиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, фаолиятни тизимли равишда режалаштиришни амалга ошириш, назорат ва мониторинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, муаммоларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш, “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга оғишмай амал қилиш юзасидан масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА