Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термизда чиқинди қоғоздан тухум флейкалари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм
2018-01-16 | Иқтисодиёт
Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг дастлабки кунларида Сурхондарё вилоятида чиқинди қоғоздан ўрама қоғоз рулони, ҳар хил габро ва ип-калава ўрайдиган конуслар, тухум флейкалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Термиз шаҳридаги “Сурхон қоғозни қайта ишлаш” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган янги турдаги бу маҳсулотлар вилоятдаги тўқимачилик корхоналари, паррандачилик фабрикалари ва бошқа буюртмачиларга етказиб берилмоқда.
Қиймати 3 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳанинг ишга туширилиши йилига 3 миллион тонна арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини яратди. Корхонада меҳнат қилаётган қарийб 60 ишчи кунига 9 тоннага яқин чиқинди қоғозни қайта ишламоқда.
Термиз туманидаги “Сурхон каолин” масъулияти чекланган жамиятида ҳам вилоят иқтисодиётида янги турдаги маҳсулот – йилига 150 тонна дала шпати – чинни буюмлар хом ашёси, сланец ва каолин ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган корхонани барпо этиш учун 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур корхона келгуси ойда фойдаланишга топширилади ва бу ерда ҳам 60 кишининг бандлиги таъминланади.
Айни пайтда бу ерга ўрнатилган ускуналар сўнгги синовдан ўтказилаётир.
Манба: ЎзА