Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Талабчанлик, тартиб-интизом, масъулиятни кучайтириш – ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашнинг асосий омилидир
2017-11-29 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, департаментлар мудирлари, вазирлар, қўмита ва компаниялар раисларининг шахсий масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Президентимиз қайд этганидек, бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан ижобий самараларга эришилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини безовта қилаётган кўпгина муаммо ва камчиликлар ҳам ўз ечимини кутиб турибди. Одамларимиз эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун яхши яшашни, муносиб ҳаёт кечиришни истайди. Шунинг учун биз олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришимиз, уларнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишимиз зарур, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев ўз сўзида кун тартибидаги масалага чуқур таҳлил асосида танқидий ёндашиб, аксарият раҳбарлар томонидан тартиб-интизом ва масъулиятнинг бўшаштириб юборилгани, улар ўз фаолиятини замон талаблари асосида ташкил эта олмаётгани, хизмат вазифасига лоқайдлик ва бепарволик билан муносабатда бўлаётгани каби ҳолатлар умумий натижадорликка салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Мана, яқинда иш фаолиятимизга бир йил тўлади, аҳолимиз, бизга катта умид ва ишонч билдирган халқимиз олдида амалий ишларимиз билан ҳисобот берадиган вақт келди. Ишга янгича ёндашиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ижро ҳокимиятининг барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилари фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деди Президентимиз.
Очиқ тан олиш керакки, биз ўз олдимизга қўйган, эл-юртимиз кутаётган натижаларга ҳали тўла эриша олганимиз йўқ. Бу борадаги ишларни фаоллаштириш, янги босқичга кўтариш мақсадида 27 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг самарали ва натижали ишини таъминлаш, уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта шакллантирилиб, янги комплекслар ва вазирлик ташкил этилди.
Қарорга биноан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбарлари лавозимлари киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди.
Ушбу муҳим ўзгаришларнинг сабаблари ҳақида сўз юритар экан, Президентимиз қуйидаги фикрларга алоҳида урғу берди.
Биринчидан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, мамлакат ҳудудларини ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалаларини ҳал этишнинг шакллари ва усулларини тубдан ўзгартириш зарур.
Иккинчидан, жорий йил мобайнида вилоятлар, шаҳар ва қишлоқлардаги аҳолининг турли қатламлари билан ўтказилган мулоқотлар натижалари бўйича ҳар бир ҳудуд, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга янада кенг эътибор қаратиш керак.
Учинчидан, ўз зиммасидаги вазифаларни бажариш, зарур натижага эришишни таъминламагани учун турли бўғиндаги раҳбарларни алмаштириш, замонавий билим ва малакага эга бўлган, Ватанга садоқатли, фидойи ёшларга масъулиятли лавозимларни ишониб топширишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш масаласи биринчи навбатда илм-фан, юксак технологиялар, замонавий инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Ва айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бизнинг саховатли заминимиз ер ости ва ер усти бойликларига, инсон ресурсларига, билимли ва юқори малакали кадрларга бой. Лекин, афсуски, биз мана шундай улкан салоҳиятимиздан унумли ва самарали фойдалана олмаяпмиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, самарали солиқ сиёсатини шакллантириш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, давлат статистикаси тизимини такомиллаштириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият ва санъат, жисмоний тарбия ва спорт, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари билан боғлиқ вазифаларга эътибор қаратди.
Йиғилишда Президентимиз жорий йилда амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш асосида эришилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, йўл қўйилган камчиликларнинг такрорланмаслиги учун барча зарур чораларни кўриш, айни пайтда 2018 йилнинг биринчи чорагида бажариладиган аниқ вазифалар бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти