Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ижодий маҳорат мактаби

2017-11-27 | Маданият

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида "PROlogue" – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III фестивали бошланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалнинг очилишига санъатшунослар, режиссёрлар, кино соҳаси фаоллари, кино санъати мухлислари таклиф этилди. 

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров ва бошқалар мамлакатимизда миллий кинематографияни равнақ топтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар замирида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни соғлом ва мустақил тафаккур соҳиби этиб камолга етказишдек мақсадлар мужассам эканини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 август куни мамлакатимиз зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда киноижодкорлар зиммасидаги юксак бадиий-ғоявий савияли фильмлар яратиш масъулияти хусусида фикр билдирган эди. Бу эса ёш режиссёрларнинг маҳоратини ошириш, улар билан етук киноусталарнинг муттасил иш олиб бориши, ёшлар ижодини кенг ва атрофлича таҳлил этиб, ўрганиб, тўғри йўналтириш билан бевосита боғлиқ масъулиятли жараён. 

"PROlogue" ёш киноижодкорлар фестивали кинематография соҳасига кириб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлашда, уларнинг ижоди билан халқимизни яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳа учун тақдим этилган қисқа метражли картиналар "Энг яхши қисқа метражли фильм учун бош соврин", "Энг яхши сценарий", "Энг яхши режиссёрлик иши", "Энг яхши операторлик иши", "Энг яхши актёр", "Энг яхши актриса" каби номинациялар бўйича аниқланади. 

– Ушбу фестиваль биз учун ғоят фойдали бўлишига шубҳам йўқ, – дейди ёш киноижодкор Санжар Султонов. – Машҳур режиссёрлар, киноижодкорлар билан бевосита ижодий мулоқотда бўлиш, уларнинг илк фильмларимиз хусусидаги фикрларини билиш фаолиятимизни замон талабига мос тарзда йўлга қўйишда улкан аҳамиятга эга. 

Фестиваль доирасида "Ёшлар ва кинематография" мавзуида илмий-амалий анжуман, "Халқаро кинофестиваль остонасида" мавзуидаги давра суҳбати, ёшлар учун маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар, ёш киночилар ижодий лойиҳалари тақдимотлари ўтказилиши кўзда тутилган. 

Тадбир машҳур киноижодкорлар фаолиятига бағишланган фотокўргазма ҳамда ёш режиссёрлар фильмлари намойиши билан бошланди. 

Фестивалнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев сўзга чиқди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться