Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бухоронинг туризм логотипи тасдиқланди

2017-11-26 | Туризм

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган изчил ислоҳатлар Ўзбекистон диёрининг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада юксалишига, барча йўналишлар қаторида туризм соҳасидаги дўстона ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтарилишига мустаҳкам замин яратмоқда.  

Айни пайтда, жонажон Ватанимизнинг барча ҳудудлари сингари Бухоронинг ҳам бой тарихи, маданий мерос обидалари, муқаддас қадамжолари, зиёратгоҳлари, табиати, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати каби битмас-туганмас туризм салоҳиятини мамлакат бўйлаб ҳамда жаҳон ичра янада яхшироқ танитишга доир тадбирларни амалга оширилишида Президентимизнинг 2017 йил 19 майда қабул қилинган “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2980-сонли қарорлари мукаммал дастури амал сифатида хизмат қилмоқда.

Хусусан, ушбу муҳим ҳужжатда белгиланган кенг кўламли тадбирлар негизида Бухоро воҳасининг бой туристик салоҳиятини кенг миқёсда ташвиқот қилиш, ҳудудда ягона туристик логотипни шакллантириш асосида уни республикамизда ва хорижий мамлакатларда янада кенгроқ танитиш, ҳудуднинг қадимий тарихи, маданияти, табиати, маданий мерослари, халқнинг урф-одатлари ва меҳмондўстлигини ўзида акс эттирган брендни тасдиқлаш мақсадида  кейинги бир неча ой мобайнида Бухоро вилоятининг туризм бренди – логотипи ва шиорини ишлаб чиқиш бўйича вилоят ижодий гуруҳи чуқур изланишлар олиб борди.

Ишланишлар натижалари асосида таниқли тарихчи олимлар, зиёлийлар, халқ вакиллари ва эл-юрт ҳурматига сазовор фаоллар фикрларини ўрганган ҳолда ҳамда Бухоро вилоятининг туризм брендини ишлаб чиқиш бўйича вилоят ижодий гуруҳи тавсияларини эътиборга олиб, вилоят ҳокими Ў.Барноевнинг 2017 йил 18 ноябрдаги 669-сонли қарорига мувофиқ Бухоро вилоятининг туристик логотипи ва унинг тавсифи тасдиқланди.

Бухоронинг тасдиқланган туризм логотипи қуйидагича тавсифланади:

-икки ўркачли ва қанотли туя тимсоли – чидамлилик, кучлилик, ғалаба ва фаравонликни акс эттирувчи белги ҳамда тарихда Бухорхудотларнинг рамзларидан бири, умрбоқийлик, куч-қувват ва доноликни тасвирлайди;

-шу каби, икки ўркачли ва қўш қанотли туя кўриниши – илк ўрта асрларда Бухоро ҳукумдорларининг тахти ҳам шу шаклда ишланганлигига қиёсланади;

-рамзнинг бодом шакли – қадимий Бухоро давлатчилигида давлат муҳрлари ҳам шу шаклда бўлганлигини англатади;

-рамз ўртасида Бухоронинг панорамаси, хусусан Пойи Калон ансамбли келтирилганлиги – Бухорода қадимдан буюк бунёдкорлик ва ноёб архитектура намуналари мавжудлигидан далолат беради;

-белгининг орт қисми фондаги қуёш – воҳада офтобли кунларнинг кўплиги ва унумдорликка ишора;

-саккиз бурчакли юлдуз шакли – Бухоронинг шариф ва муқаддас шаҳар сифатида танилганлиги ва мукаммаллиги тимсоли;

-юлдуз ичидаги беш бурчакли юлдуз ва ярим ой – Ислом дунёсидаги беш фарзни, покликни ва айни пайтда Ватанимиз мустақиллиги маъносини билдиради;

-юлдуз ичида берилган мовий ранг – юртимизнинг мусаффо осмони ва заминимизда ҳукум сураётган тинчлик рамзини белгилайди;

-бодом шаклидаги икки чизиқли қобуғ ичида ўзбек ва инглиз тилларида битилган (Ҳолй Букҳара ва Бухорои шариф) ёзувлари Бухоронинг Ислом дунёсида танилган азиз номини такрорлайди;

-логотипни икки чизиқли айлана ичига олинганлиги – Бухоронинг илм-фан, таълим ва маданият ўчоғи ҳамда Буюк Ипак Йўлидаги йирик савдо маркази сифатида қадимдан жаҳонда танилган масканлигини акс эттиради;

-ёзувлар ўртасида етти гулдан иборат нақш – ҳудудда ҳунармандчиликнинг тараққий этганлиги ҳамда муқаддас Ислом дини тараққиётига катта ҳисса қўшган авлиёлар юрти ва “Етти пир” зиёратгоҳларининг айнан Бухорода жойлашганлигидан далолат беради;

-логотип қобуғи ва айлана ичидаги яшил ранглар – ҳамиша ёшлик, барҳаётлик ва боқийлик маъноларида келади;

-айлана ва бодом белгиси ўртасидаги сарғиш ранг – Бухоронинг иссиқ табиий иқлими ҳамда тупроғи олтинга тенг чўл ўртасидаги боқий ва ҳамиша навқирон яшил воҳа эканлигини билдиради.

Ўз ўрнида қайд этиш жоизки, Бухоронинг туризм логотипи (бренди) кундан-кунга тараққий этиб бораётган мустақил Ўзбекистон заминида муқаддас Бухоро ва унинг бебаҳо ва юксак туристик салоҳиятини бутун жаҳон бўйлаб янада яқиндан танилишига ҳамда барча йўналишларда хорижий мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, фирма ва компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамланиб, изчил ривожланишига муносиб хизмат қилиши муқаррар.  

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться