Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди
2017-11-17 | Жамият
Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди.
Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, судьялар, архив ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Б.Мирбобоев ва бошқалар мамлакатимиз қўлга киритган барча ютуқ ва марралар пойдевори Конституциямиз эканлигини алоҳида таъкидлади. Бош қомусимиз юртимиз равнақини белгиловчи, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаб, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим асосдир.
Мазкур кўргазма Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этишга, унинг яратилиш тарихи ҳақида фуқаролар, айниқса, ёшларга кенгроқ тушунча бериш, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, Бош қомусимиз ва қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онгини юксалтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Манба: ЎзА