Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Элни сийлаганни эл сийлайди

2017-11-07 | Сиёсат

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда

Илдизлари мустаҳкам дарахт кўкка бўй чўзади. Тарихини билган, қадрлаган халқнинг мартабаси баланд, келажаги буюк бўлади. 

Мамлакатимиз бутун дунёда ана шундай ҳурмат-эътибор қозонган. Ўтганлар руҳини шод этиш, хайрли ишларини эслаш ва улуғлаш миллий қадриятимизга айланган. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларнинг, миллий ғурур-ифтихорнинг юксак намунаси бўлди. 

6 ноябрь – Шароф Рашидов туғилган куни Жиззахда ушбу санага бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди. 

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Дастлаб эҳсон дастурхони ёзилиб, Қуръон тиловат қилинди. 

Жиззах шаҳри марказида ўрнатилган Шароф Рашидов ҳайкалининг очилиш маросими бўлди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят аҳли, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар, ёшлар иштирок этди. Шароф Рашидовнинг фарзандлари, дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва бошқа яқинлари қатнашди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти, юксак инсоний фазилатлари, халқимиз манфаатлари йўлидаги буюк хизматлари ҳақида сўз юритди. 

Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида туғилган. Жиззах педагогика техникуми, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиган. Фаолиятини Самарқанд вилояти газетасида бошлаб, билим ва қобилияти юксаклиги боис университетнинг охирги курсида ўқиб юрган давридаёқ ушбу газетага муҳаррир бўлган. 

Иккинчи жаҳон урушидан 1942 йил ярадор бўлиб қайтган. Ўттиз ёшида республиканинг ўша пайтдаги энг нуфузли нашри – «Қизил Ўзбекистон» газетасига муҳаррир этиб тайинланган. 

Шароф Рашидов шоир, ёзувчи ва публицист сифатида танилган. Унинг “Чегарачи” достони, “Қаҳрим” шеърлар тўплами, “Икки дил достони” асари, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин”, “Ғолиблар” каби романлари шуҳрат қозонган. Атоқли адиб 1949 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланган. 

У 1959 йил Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганида эндигина қирқ ёшдан ошган эди. Шароф Рашидов бу юксак вазифада қарийб чорак аср фидойилик билан ишлади. 

Бу жуда мураккаб, зиддиятли давр эди. Шароф Рашидов шундай шароитда ҳам халқига фарзандлик бурчини адо этди. 

Мирзачўл, Қарши, Ёзёвон, Сурхон-Шеробод чўлларининг ўзлаштирилиши, миллионлаб гектар қўриқ ерларда боғ-роғлар ва озиқ-овқат экинларининг жой олиши узоқни ўйлаб амалга оширилган эди. Бу майдонлар бугун ҳам халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда. 

Шароф Рашидов раҳбарлиги даврида Ўзбекистон харитасида Навоий, Зарафшон, Янгиер, Гулистон ва бошқа ўнлаб шаҳарлар пайдо бўлди. Республиканинг барча ҳудудида қурилиш ва ободончилик ишлари авж олди. Жуда кўп иншоотлар – заводлар, фабрикалар, шифохоналар, олий ўқув юртлари, йўллар, мактаблар қурилиши, конларнинг очилиши у кишининг номи билан боғлиқ. 

Бу даврда пойтахтимиз Шарқнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланди. Бу, айниқса, Тошкент зилзиласидан кейин янада чирой очди. Тошкент метрополитени, “Истиқлол” санъат саройи, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Тошкент телеминораси пойтахтимизнинг кўрки ҳисобланади. 

Шароф Рашидов ниҳоятда камтар, очиқкўнгил одам бўлган. Чўпон билан чўпондек, деҳқон билан деҳқон тилида гаплашган. Ҳар қандай шароитда одамларнинг қалбига йўл топа билган. 

Атоқли давлат арбоби раҳбарлик борасида ҳам улкан мактаб яратган. У кишининг донолиги, дипломатлиги, одиллиги ва айни пайтда оддийлиги барча раҳбарларга намуна бўлган. 

Шароф Рашидов ўта зиёли киши бўлган. Фарзандларига ҳам пухта сабоқ берган. У кишининг фарзандлари, невара-чеваралари турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. 

Шароф Рашидов вафотидан кейин республиканинг иқтисодий тараққиёти сустлашди. Бу аввало ўша пайтдаги нотўғри сиёсат, қолаверса, халқ обрўли, тажрибали йўлбошчини йўқотганининг оқибати бўлди. Кучли раҳбарсиз, ҳимоячисиз қолган юртимиз ёвуз тажриба майдонига айлантирилди. 

Албатта, у ўз даврининг фарзанди эди, ўша пайтдаги тузумга хизмат қилди. Аммо дунёдан ўтганида бу тузум унга хиёнат қилди. Хотирасини таҳқирлади, яқинларини таъқиб этди. 

Республика раҳбарлигига Ислом Каримов келгач, барча туҳмат ва таъқибларни тўхтатди. Тарихий адолат тикланди. Унинг пок номи оқланди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1992 йил Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги кенг нишонланди. 

Шавкат Мирзиёев маросимдаги сўзида яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик эканини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг эътибори билан элу юртимизга меҳнати сингган инсонларнинг ҳурмати жойига қўйилмоқда, ўтганлар хотираси улуғланмоқда. Кейинги бир йилда бу борада улкан ишлар амалга оширилди. Тошкент ва Самарқандда Ислом Каримов, Наманган вилоятида Исҳоқхон Ибрат, Хоразм вилоятида Комилжон Отаниёзов, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қашқадарёда Абдулла Орипов, Андижонда Муҳаммад Юсуф хотиралари абадийлаштирилди. Уларнинг номи билан аталадиган марказлар, ижодий мактаблар ташкил этилди. Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуаси очилди. 

Юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланиши халқимизни беҳад қувонтирди. 

Жиззахда бу воқеага катта тайёргарлик кўрилди. Вилоят марказида Шароф Рашидов хиёбони янгидан барпо этилди. 3 гектардан зиёд майдон кўкаламзорлаштирилди. Ҳудудга Бельгиядан келтирилган тоғ қарағайи, қорақайин, лола дарахти каби 20 дан ортиқ дарахт турлари экилди. Диаметри 24 метр бўлган рангли фаввора қурилди. 

Хиёбон тўрида қўр тўкиб турган “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ҳам реконструкция қилинди. Унинг икки томонида жойлашган “Бўстон” ва “Наврўз” мажмуалари тўла таъмирланиб, йирик анжуманлар ўтказиш учун қулай шароитлар яратилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги О.Салимов, меҳнат фахрийси И.Жўрабеков, учувчи-космонавт В.Жонибеков, меҳнат фахрийси Қ.Камалов, академик С.Рашидова Шароф Рашидов билан боғлиқ хотиралари, у кишининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлади. 

Шароф Рашидов ҳайкалини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова очди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 

Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйилди. 

Шавкат Мирзиёев юбилей арафасида қуриб битказилган Шароф Рашидов мемориал музейида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар ва экспонатлар билан танишди. 

Музейга кираверишда Президентимизнинг «Ҳеч шубҳа йўқки, Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди», деган сўзлари битилган. Бинонинг ички ва ташқи қисми миллий меъморчилигимиз анъаналари асосида безатилиб, анжуманлар залида Шароф Рашидов фаолиятига доир фильмларни намойиш этиш имконияти яратилган. 

Музейда атоқли давлат арбоби ва ёзувчининг ҳаёт йўли ва ижодига дахлдор 2 минг 700 дан ортиқ экспонат бор. Улар Шароф Рашидовнинг болалик даври, талабалик йиллари, муҳаррирлик даври, Ўзбекистонда чўл ва қўриқ ерларни ўзлаштириш, бунёдкорлик жараёнидаги фаол иштироки, ижтимоий-сиёсий ва адабий фаолияти ҳамда бошқа мавзуларга бағишланган ўнта бўлимга ажратилган. 

Музей ёнига Шароф Рашидов ҳудудларга сафарлари чоғида фойдаланган поезд вагони ўрнатилган. Ундаги шароит ва буюмлар асл ҳолича сақланган. 

Музей Шароф Рашидов ҳақида тўлиқ маълумот берадиган, у кишининг руҳини сезадиган жой бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерга ўқувчи-ёшларнинг мунтазам ташрифини йўлга қўйиб, турли тадбирлар ўтказиш зарур. 

Шавкат Мирзиёев мемориал музей фахрий меҳмонлар китобига ўз фикр ва таассуротларини ёзиб қолдирди. Унда шундай сўзлар бор: «Халқимизнинг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов эл-юртимиз учун фидойи раҳбар, бетакрор ва беназир шахс эди… 

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам эл-юртимиз манфаатини ўйлаб яшаган Шароф Рашидовнинг буюк хизматлари халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолади. 

Бугун Жиззах шаҳрида иш бошлаётган Шароф Рашидов мемориал музейи ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади, деб ишонаман». 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 апрелда Жиззах вилоятига ташрифи давомида улкан шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, асарларидаги эзгу тушунчалар моҳиятини ёшларга етказиш лозимлигини таъкидлаган эди. 

Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки шоир номи билан аталувчи ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда музей халқимизнинг ардоқли фарзандларига кўрсатилган улкан эҳтиром намунаси бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан мазкур мактаб-интернат учун 4 қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Бу ерда яратилган замонавий шароитлар, 100 ўринли ётоқхона, ошхона, фаоллар зали ўқувчиларнинг муносиб таълим олишига хизмат қилади. 

Жиззах шаҳридаги тарихий Хўжа Нуриддин мадрасасида адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида музей ташкил этилди. Бунинг учун мадраса биноси тубдан таъмирланиб, тарихий кўриниши тикланди. Мадрасанинг гумбаз қисми сирланган кошин билан қопланди. 

Музей экспозицияси мазмуни Президентимизнинг «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» асари ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, улар номи билан аталувчи мактаб-интернат ташкил этиш бўйича билдирган фикр-мулоҳазалари асосида шакллантирилган. 

Давлатимиз раҳбари Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги хиёбон атрофини янада ободонлаштириш, музей фаолиятини такомиллаштириш, мактаб-интернат моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди. Шоирлар ҳайкали пойига гул қўйди. 

Атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти мусиқали драма театри ҳам замонавий талаблар даражасида реконструкция қилинди. 

Бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари жараёнида театр биносининг олд қисмига замонавий қоплама ва витраж ўрнатилди, йўлакларга керамик плиталар ётқизилди. Бино олдида фусункор фаввора, яшил майсазор барпо этилиб, ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. 

Бинонинг иситиш тизими, ҳаво алмаштириш, электр, ичимлик суви тармоқлари янгиланди. 550 ўринли томоша залидаги ўриндиқлар, саҳнани ёритиш, овоз кучайтириш ускуналари янгисига алмаштирилди, грим хоналарида зарур шарт-шароит яратилди. 

Президентимиз театр биноси билан танишар экан, ушбу замонавий санъат даргоҳи Шароф Рашидовнинг қутлуғ таваллуд санаси нишонланаётган кунда Жиззах вилояти халқига катта туҳфа бўлганини таъкидлади. 

Мазкур санъат кошонаси фаолиятини вилоятнинг олис туманларида яшовчи одамлар ҳам сезиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун театр ижодий жамоаси салоҳиятини юксалтириш, бугунги замон даражасидаги саҳна асарларини қўйиш устида ишлаш зарур. Шу орқали одамларнинг театрга қизиқишини ошириш, уларнинг маънавиятини тарбиялаш лозим. 

Театрнинг вилоят маънавий-маърифий ҳаётидаги ролини ошириш ҳамда самарали ишлашини ташкил этиш мақсадида 2018 йилга мўлжалланган намунавий дастур тузиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу дастурда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун 7 қаватли уй-жой қуриш, актёр ва режиссёрларнинг малакасини ошириш, театрдаги ижодий муҳитни вилоятдаги мусиқа ва санъат мактабларига ҳам ёйиш каби масалалар эътиборга олинади. 

Куннинг иккинчи ярмида Жиззах вилояти мусиқали драма театрида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ва концерт дастури бўлиб ўтди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Унда сенатор ва депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи-шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, адибнинг авлодлари, фахрийлар, ёшлар, адабиёт ихлосмандлари қатнашди. 

Шароф Рашидов атоқли давлат арбоби бўлиш билан бирга, улкан сўз санъаткори, моҳир таржимон, инсон қалбининг зукко билимдони эди. Унинг ёшлик, баҳор, гўзаллик, эзгулик, Ватан меҳри тараннум этилган асарлари халқимиз қалбидан чуқур жой олган. Хусусан, «Кашмир қўшиғи», «Икки дил достони», «Дил амри» каби асарлари миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб жой олган, қатор асарлари асосида бадиий фильмлар суратга олинган, спектакллар саҳналаштирилган. 

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги мамлакатимиз миқёсида катта тантана билан нишонланмоқда. Бу тадбирларда халқимизнинг улуғ адибни қанчалар ардоқлаши, унинг ижодий мероси, одамлар дардига малҳам бўлишдек ўзбекона сифатлари ва фазилатларини қадрлаши намоён бўлмоқда. 

Бу адибнинг 100 йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган хотира кечаси концертида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Унда юртимиз санъат усталари томонидан миллий ашула ва рақслар, жаҳон санъатининг энг сара асарларидан намуналар ижро этилди. 

Ушбу куй-қўшиқлар қалбларда Ватанга муҳаббат, ҳаёт сурури туйғуларини жўш урдирди. Шароф Рашидов сўзи билан айтилувчи «Оламда гуллар яшар», «Ватан фидойиларига», «Дугоналар», «Ёр келур» қўшиқлари, Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг «Ўзбекистон», «Ёшлик чоғимда», «Кел, ассалом» шеърларига басталанган тароналар, халқ ашулалари, жаҳон санъатидан ижро этилган ария ва композициялар тингловчиларга бир олам завқ бағишлади. 

Саҳна ортидаги улкан мониторда донишманд инсоннинг болалик ва ёшлик даврлари, уни вояга етказган ота-онаси сиймолари, Шароф Рашидовнинг она Ватанимиз, халқимиз ғурурини кўтариш, юртимизни обод этиш йўлида бутун борлиғини бағишлаган ҳаёти Президентимиз раҳнамолигида ардоқли адиб номини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар, бугунги дориломон ҳаётимиз акс эттирилган лавҳалар намойиш этилади. 

Буларнинг бари ўз элига ва Ватанига фидойи инсоннинг халқимиз юрагидан муносиб жой олгани ва меҳрига сазовор бўлганини намоён қилади. 

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечалари, маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда давом этмоқда. 

7 ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни” мавзусида илмий конференция ўтказилади. 

«Жиззах» эркин иқтисодий зонасида Франциянинг “Пежо Ситроен” гуруҳи билан ҳамкорликда автомобиль заводи барпо этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифи давомида мазкур замонавий корхона қурилиши билан танишди. 

Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги "Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive" корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзавтосаноат” АК ва Peugeot Citroen Automotive гуруҳи ўртасида эришилган келишув асосида барпо этилаётган ушбу қўшма корхона Ўзбекистон автомобиль саноатининг истиқболига хорижлик ишбилармонларнинг катта ишончи самарасидир. 

Заводда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган «Пежо Эксперт» ва «Пежо Боксер» тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш режалаштирилган. 600 иш ўрни яратиладиган корхона 2019 йил маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди. 

Йилига 16 минг дона замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга корхона маҳсулоти ички бозордан ташқари МДҲ мамлакатлари, Эрон, Франция ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. 

Президентимиз қурилиш ишларини жадаллаштириш, сифат ва самарадорликка алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тегишли топшириқлар берди. Шавкат Мирзиёевга бу ерда ишлаб чиқариладиган автомобиллар намуналари намойиш қилинди. 

Шу ерда Марказий Осиёдаги энг йирик ойна ишлаб чиқариш заводи тақдимоти ҳам ўтказилди. 

"Жиззах" эркин иқтисодий ҳудудида барпо этилаётган шишага чуқур ишлов бериш ва йирик ўлчамдаги шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 110 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Хитойнинг "Минъюань силу" компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган корхонанинг биринчи навбатини 2017 йил якунигача фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. 2019 йил сентябрь ойида корхона тўла қувватда ишлай бошлайди. 

Президентимизга «Ўзқурилишматериаллари» АЖ томонидан Жиззах вилоятида 2017-2018 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумот берилди. 

 

 

Анвар Самадов, Абу Бакр Ўрозов, Матназар Элмуродов, Умар Асроров, Сарвар Ўмонов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться