Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда жаҳон чемпионати бошланди
2015-04-02 | Спорт
Пойтахтимизда қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва кадетлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланди
Мазкур нуфузли мусобақа Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун қатор давлатлар даъвогарлик қилган эди. Халқаро қиличбозлик федерацияси Ўзбекистонда спорт, жумладан, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган қиличбозликни ривожлантиришга доимий эътибор қаратилаётгани, мамлакатимизнинг нуфузли спорт анжуманларини юқори савияда ўтказиш борасидаги бой тажрибаси ҳамда замонавий спорт инфратузилмаси мавжудлигини инобатга олиб, мазкур чемпионатни Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилди..
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан чемпионатни юқори савияда ўтказиш, мусобақа ташкил этиладиган спорт мажмуаларининг халқаро стандартларга мос келишини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди.
"Ўзбекистон" спорт мажмуасида 1 апрель куни қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлди.
Чорлов садолари остида майдонга жаҳон чемпионати иштирокчилари кириб келади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Мусобақа очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом этиб вояга етказиш, халқаро майдонда Ватанимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг муҳим омили бўлган спортни ривожлантириш, жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда саккиз юзга яқин спортчи қиличбозлик билан мунтазам шуғулланмоқда. Улардан 50 нафари терма жамоаларга жалб этилган. Истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилаётган эътибор спортчиларимизнинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқларида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси жойларда ёшларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш, спортчи ва мураббийларнинг маҳоратини ошириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Наманган ва Тошкент вилоятларида ҳудудий федерациялар фаолият кўрсатмоқда. Олимпия захиралари коллежлари ва спорт мактабларида қиличбозлик бўлимлари ташкил этилган. Спортчиларнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва муносиб иштирок этиши учун қулай имкониятлар яратилмоқда.
Бунинг натижасида спортчиларимизнинг ютуқлари йилдан-йилга ошиб бораётир. 2012 йили Лондонда ўтказилган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида Руслан Кудаев муносиб иштирок этди. 2013 йили Таиландда ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биттадан олтин ва бронза медални қўлга киритди. Филиппинда ўтган қитъа чемпионатида Роман Александров кумуш медаль билан тақдирланди. У 2014 йилнинг май ойида Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалга сазовор бўлди. Ўтган йили қиличбозларимиз Қозоғистон ва Сингапурда ўтказилган халқаро турнирлардан юртимизга битта олтин, иккита кумуш медаль билан қайтди. Париж шаҳри мезбонлик қилган Гран-при турнирида ҳам муносиб иштирок этди.
Жорий йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг жамоавий баҳсларида терма жамоамиз аъзолари шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шпага йўналиши бўйича қизлар ўртасида ўтказилган яккалик баҳсларида Малика Ҳакимова олтин медални қўлга киритди.
Пойтахтимизда бошланган жаҳон чемпионатида 100 га яқин давлатдан спортчилар баҳслашмоқда. Ватанимиз шарафини Файзулло Алимов, Санжар Собиров, Санжар Алимов, Малика Ҳакимова каби тажрибали спортчиларимиз билан бирга иқтидорли ёшларимиз ҳимоя қилмоқда.
Манба: ЎзА